Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва «Novugen Pharma» компанияси раҳбари Джавед Хан ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Компания раҳбари бугунги кунда Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон каби давлатларга фармацевтика маҳсулотлари экспорти муваффақиятли амалга оширилаётганини айтиб ўтди.
Келгусида экспорт ҳажми ва маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш юзасидан ишлар олиб борилаётганини билдирди.
Компаниянинг 2024-2027 йилларга мўлжалланган стратегия тақдимоти ўтказилди.
***
Шунингдек, Абдулла Азизов ва Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Али Риза Тезжан ўртасида учрашув ташкил этилиб, соҳадаги молиялаштиришга муҳтож бўлган йўналишлар ҳақида сўз юритилди.
Суҳбат давомида коллежларда тиббий лаборатория хоналарини жиҳозлаш, таълим соҳасида потенциал алмашиш дастурлари ва фармацевтика йўналишидаги тизимларни рақамлаштириш ва ривожлантириш мавзулари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар келгусида янги лойиҳалар устида ҳамкорлик қилишни келишиб олди.
***
«Herbion Toshkent« корхонаси вакиллари билан учрашувда эса "Tashkent Pharma Park" кластери ҳудудида янги лойиҳани ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди.
Лойиҳага кўра, республикамизда йўтал ва шамоллашнинг турли белгиларини енгиллаштиришга ёрдам берадиган "Линкас" сиропини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Учрашув давомида томонлар лойиҳа самарадорлиги учун амалга ошириладиган вазифаларни белгилаб олди. Лойиҳа доирасида 279 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Маълумот учун: "Herbion International" корхонаси 1983 йил Покистонда иш бошлаган бўлиб, ҳозирги кунда корхона 21 мамлакатда ўз фаолиятини олиб боради ва 50 хил турдаги дори воситаларини ишлаб чиқаради.
Моҳигул Қосимова, ЎзА