Тошкентда иқлимга мақбуллаштирилган қишлоқ хўжалиги учун яшил молиялаштириш механизмини ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича тренинг ўтказилмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Иқтисодиёт ва молия ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Ўзбекистонда яшил молиялаштиришни ривожлантириш лойиҳаси доирасида, Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) кўмагида ўтказилаётган тадбирда яшил иқтисодиёт дастурларини амалга оширувчи давлат идоралари, соҳадаги лойиҳаларни молиялаштирувчи банк сектори вакиллари қатнашяпти.
Ўқув-машғулотдан яшил молиялаштириш асоси, экологик хавфни аниқлаш, камайтириш ва баҳолаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан таништириш мақсади кўзланган.
Анжуман давомида экологик жиҳатни бизнес кун тартибига киритиш ва иқлимий хавфни баҳолашнинг самарали тизимини яратишга ҳам эътибор қаратилмоқда.
Яшил молиялаштириш атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш билан боғлиқ лойиҳаларни қўллаб-қувватлашдир. 15 йилдан буён амалга ошириб келинаётган Глобал миқёсда яшил молиялаштириш арзон ва тоза энергия, шаҳар ва аҳоли манзиллари барқарорлиги, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ёрдам беради.
– ФАО Ўзбекистонда яшил молиялаштириш механизмини ишлаб чиқиш ва рағбатлантиришни, хусусан иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда, экологик тоза қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлайди, – деди ФАОнинг мамлакатимиздаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров. – Иқлимга мақбуллаштирилган қишлоқ хўжалиги барқарор деҳқончилик амалиётини ривожлантириш, иқлим ўзгаришига қарши туриш қобилиятини оширишга ёрдам берадиган комплекс ёндашувдир.
Семинар давом этяпти.
Б.Худойбердиев, ЎзА