Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юртимизда халқаро адабий фестиваль ўтказилади
12:40 / 2022-01-10

Мамлакатимизда миллий адабиётимиз ривожи йўлида кўрсатилаётган эътибор соҳада халқаро ҳамкорлик ришталарини янада кенгайишига хизмат қилмоқда. Миллий сўз санъатимиз дарғаларининг ижод намуналари, ўзбек шоир ва ёзувчиларининг асарлари хорижий тилларда чет давлатларда нашр этилмоқда. Хориждаги адабий жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари қамрови тобора кенгаймоқда.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматига кўра, 2022 йил сентябрь ойида Тошкент ва Бухоро шаҳарларида “Буюк ипак йўлидаги адабий фестиваль” бўлиб ўтади. Ушбу халқаро фестиваль Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги, мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонаси ва “Буюк ипак йўлидаги адабий фестиваль” маъмурияти ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
  
Фестивалда Марказий Осиё минтақаси тарихи ва маданиятига оид асарлар чоп этган хорижлик ёзувчилар, ноширлар, адабий агентлар ва китоб сотувчилари, шунингдек, ўзбек ёзувчи ва шоирлари иштироки кутилмоқда.  Тадбирдан кўзланган мақсад ўзбек ёзувчи ва шоирлари асарлари учун Европа нашрларига кенгроқ йўл очиш, хорижий ўқувчиларни мамлакатимизнинг бой адабий ва маданий анъаналари ва бугунги куни билан таништиришдан иборатдир.

– Ўтган йили мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги туризм бренди элчиси Софи Ибботсон бизга ушбу фестивални ўтказиш таклифи билан мурожаат қилган эди, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими бошлиғи Рустам Мусурмон. – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар, Туризм ва спорт вазирликлари, мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонаси иштирокида фестиваль ташаббускорлари билан онлайн мулоқот ўтказдик. Унда фестивалнинг ташкилий жиҳатлари ва уни ўтказиш тартиби муҳокама қилинди. Ноябрь ойида эса Софи Ибботсон Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида қабул қилинди. Бўлиб ўтган музокарада тадбир бўйича якуний тўхтамга келинди. Британия томони маърузачилар сифатида таниқли тарихчи олимлар Уильям Далримпл, Питер Франкопан, Ўзбекистонга оид китоблар муаллифи Кэролайн Иден иштирок этишини режалаштираётганини маълум қилди.

Ушбу халқаро фестиваль ҳар йили Буюк ипак йўлида жойлашган мамлакатларнинг бирида ўтказилади. Ўзбекистон мазкур фестивални қабул қилган биринчи мамлакат бўлади.  

Буюк Британия томонидан фестивални ташкил этишда “Shute Festival” адабий фестивали маъмурияти, Осиё адабий агентлиги, Осиё ишлари бўйича Қироллик жамияти ва Британия кенгаши иштирок этади.
 
“Буюк ипак йўлидаги адабий фестиваль” доирасида йигирмадан ортиқ тадбирлар ўтказилади. Булар адабий мунозаралар, янги китоблар тақдимоти, долзарб адабий мавзулардаги семинарлардир. Фестиваль бадиий таржима, ўзбек адабий анъаналари, ўзбек муаллифларининг асарларини Европа нашрларида чоп этиш, замонавий шароитларда ноширлик бизнесини ривожлантириш каби масалаларни қамраб олади.

 

Н.Усмонова, ЎзА