Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юртимизда қишлоқ хўжалигини механизациялаш бўйича илғор хорижий тажриба
21:30 / 2023-08-11

Мутахассисларимиз Туркияга ўқув сафарига борди

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО кўмагида бир гуруҳ ўзбекистонлик мутахассислар учун тупроққа ишлов бермасдан экувчи ускуналар ишлаб чиқариш бўйича илғор тажрибани ўрганиш мақсадида Туркияга ўқув сафари уюштирилди.

Гуруҳ таркибига ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, унинг тизимидаги ташкилотлар, Тошкент давлат аграр университети ҳамда хусусий корхоналар мутахассислари киритилган.

Ўқув сафари Глобал экологик жамғарма (GEF) томонидан молиялаштирилаётган ФАОнинг уч лойиҳаси, “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2), “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг, ердан фойдаланиш ва уни қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” ҳамда “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳалари доирасида ташкил этилди.

Делегациямиз ташрифи чоғида Коня ва Измир шаҳарларида тупроққа ишлов бермасдан экиш машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик корхоналар фаолияти билан танишди. Юртимизда  тўғридан-тўғри  экиш машиналари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар очиш имконияти ўрганилиб, Туркия томони билан тегишли дастлабки келишувларга эришилди. Зеро, Ўзбекистонда тупроққа ишлов бермасдан экиш технологиясини кенг жорий қилишнинг муҳим шарти бундай техникаларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдир.

– Асосий вазифамиз – турк корхоналарининг тупроққа ишлов бермасдан экишга мўлжалланган машиналар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш тажрибасини ўрганиш, шунингдек, Ўзбекистонда бундай машиналарни биргаликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, – деди CACILM-2 лойиҳасининг миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, қишлоқ хўжалиги учун арзон ва тежамкор ускуналар зарур, бу эса маҳаллийлаштириш ва таннарх бўйича ишлашни талаб қилади. Давлатимиз раҳбари маҳсулдорликни ошириш ва одамлар меҳнатини енгиллаштириш учун сифатли, арзон ускуналар кераклигини алоҳида қайд этган.

Биламиз, тупроққа ишлов бермасдан донли экин етиштиришнинг энг илғор технологияларидан фойдаланилмоқда. У дунёнинг ўнлаб мамлакатларида жорий этилган ва Ўзбекистонда муваффақиятли татбиқ этила бошланди. “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимлари, ердан фойдаланиш ва уни қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” лойиҳаси миллий координатори Азиз Нурбековнинг келтиришича, нафақат иқтисод, балки экология нуқтаи назаридан ҳам тўғридан-тўғри экиш тизими истиқболли ҳисобланади.

Мутахассислар фикрича, ушбу технология тупроқни таназзулдан ҳимоя қилади, қуруқ тупроқда намликни сақлашга имкон беради. Умуман, технология тупроқ таркибига минимал таъсир қилган ҳолда ишлов берилмаган ерга экин экишни ўз ичига олади.

Cафар давомида делегация аъзолари уруғликни минимал сарфлаш ва вақтни тежаш каби тўғридан-тўғри экиш машиналардан фойдаланиш афзаллигини баҳолади. Шунингдек, тупроққа ишлов бермасдан экиш технологиясини самарали жорий этиш ФАО лойиҳалари мақсадига мос келадиган қурғоқчилик ва шўрланишга мойил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишини таъкидлаш муҳим.

ФАО вакиллари қишлоқ хўжалигини механизациялашни янада такомиллаштириш қўл меҳнатини енгиллаштириш, ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга ёрдам беришига ишонишади. Технологик, иқтисодий, ижтимоий, экологик ва маданий жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда барқарор механизациялаш қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат соҳаси барқарор ривожланишига ёрдам беради.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА