Юртимизда нефть-газ ва энергия манбалари билан таъминлаш режалари қандай?
Мамлакатимизда энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бугунги кун нефть ва газ саноатида янада яққол намоён бўлмоқда.
Мамлакатимизда энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бугунги кун нефть ва газ саноатида янада яққол намоён бўлмоқда. Таҳлилларга кўра, кейинги икки йил ичида газ ишлаб чиқариш ҳажми 10 фоиз, аҳолига табиий газ етказиб бериш 15 фоизга ошган бўлса, суюлтирилган газ эса 1,6 баробарни ташкил этган. Айни даврда нефтни қайта ишлаш заводларида қўшимча 204 минг тонна нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ички бозорда бензинга бўлган талаб тўлиқ қондирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Энергетика вазирлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилган навбатдаги брифинг мамлакатимизда нефть-газ ва аҳолини энергия манбалари билан таъминлаш масалаларига бағишланди.
Унда сўз олганлар юртимизда бу соҳада олиб борилаётган ишлар, истиқболли режалар ҳамда инвестициявий имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Маълумки, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, нефть ва газ саноатини янада ривожлантириш учун углеводородларни қидириш ва қазиб олишни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бухоро – Хива, Устюрт, Сурхондарё ва Фарғона минтақаларидаги нисбатан истиқболли ҳудудлардаги ишлар ички ресурслардан ҳамда дунёнинг етакчи нефть-газ компаниялари билан кам ўрганилган инвестицион блоклар бўйича геология-қидирув ишларининг жадал олиб борилиши бунга мисолдир. “Socar” (Озарбайжон), “British Petroleum” (Буюк Британия), “Total” (Франция), “Лукойл”, “Газпром”, “Татнефть” (Россия), “Мубадала” (БАА) ва “ONGC” (Ҳиндистон) компаниялари билан ҳамкорлик ҳам амалий натижа бермоқда.
Мисол учун айтадиган бўлсак, “Шўртан” газ-кимё мажмуасини нафтани қайта ишлаш GTL лойиҳаси бўйича (қўшимча қиймати +480 миллион доллар) кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилиш арафасида турибди. Бунинг натижасида қўшимча тарзда полиэтиленнинг 280 минг тонна янги тури ва 100 минг тонна полипропилен ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. GTL технологияси бўйича 1,5 миллион тонна синтетик суюқ ёқилғи, 743,5 минг тонна дизел ёқилғиси, 311 минг тонна авиакеросин, 431 минг тонна нафта ва 50 минг тонна суюлтирилган ишлаб чиқариш бўйича лойиҳани амалга ошириш давом эттирилмоқда.
Шу билан бирга, аҳоли ва ишлаб чиқариш объектларини электр энергияси билан таъминлаш ҳам муҳим масалалардан.
– Энергетика вазирлиги олдига электр энергетикаси соҳасига, шунингдек, энергетика захираларини қазиб олиш ва ишлаб чиқариш жараёнига хусусий капитални жалб қилиш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш каби кенг миқёсдаги янги вазифалар ҳам қўйилган, – деди Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзатом” агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов. – Мамлакатимизда электр энергетикасини ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишларидан бири – тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишдир. Бунинг ҳисобига иссиқлик электр станциялари, атом энергияси, қайта тикланадиган энергия манбалари каби ишлаб чиқариш объектларини ривожлантириш ҳисобланади. 2030 йилгача бўлган даврда энергия тизимининг ишлаб чиқариш қувватини ошириш мақсадида йирик инвестиция лойиҳалари, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг электр энергияга бўлган истиқболдаги талаб-эҳтиёжлари прогнозларини инобатга олган ҳолда 2030 йилга қадар электр энергетика тармоғида ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш концепцияси ҳамда халқаро маслаҳатчи – “Mott MacDonald” (Буюк Британия) компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда электр энергиясининг узоқ муддатли ривожлантириш бош режаси ишлаб чиқилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, 2030 йилгача бўлган даврда энергия тизимининг ишлаб чиқариш қувватини ошириш мақсадида йирик инвестиция лойиҳалари бўйича умумий қуввати 15 ГВт бўлган самарадор иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи объектларни қуриш, электр энергияси ишлаб чиқариш умумий қуввати 9,5 ГВт га яқин бўлган (Сирдарё, Навоий, Толимаржон, Тахиатош, Тўрақўрғон иссиқлик электр станциялари ва бошқаларда) замонавий ПГУ электр станцияларини қуриш, умумий қуввати 3,2 ГВт га яқин бўлган газ-поршенли қурилмалар, авиация газ турбиналари ва замонавий электр энергия захиралаш тизимлари асосида (Сирдарё, Тошкент ИЭС, Муборак ИЭМ ва ҳ.к.) манёврли ишлаб чиқариш қувватларини қуриш, умумий қуввати 8400 МВт дан зиёд бўлган қайта тикланадиган энергия манбалари асосида ишлайдиган қуёш, шамол ва гидроэлектрстанцияларини қуриш, ва уларнинг жами электр энергиясини ишлаб чиқаришдаги улушини 25 фоизга етказиш ва 2400 МВт қувватга эга бўлган атом станциясини қуриш шулар жумласидандир.