Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юртимизда “IT-Park University” рақамли университети ташкил этилади
15:45 / 2022-06-03

Жорий йилнинг 1 июнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “IT-Park University” рақамли университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Шу асосда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Epam Systems” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонанинг “IT-Park University” рақамли университети ташкил этилади. Ушбу рақамли университет масъулияти чекланган жамият шаклидаги ахборот технологиялари соҳалари бўйича кадрлар тайёрловчи нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади.  

Ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компьютер тармоқларини бошқариш соҳалари бўйича олий маълумотли кадрларни халқаро стандартлар даражасида тайёрлаш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш университетнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланмоқда.  

Бундан ташқари, университет ўқув жараёнини илғор хорижий тажриба ва замонавий таълим технологиялари асосида ташкил этиш ҳамда очиқ ахборот-таълим муҳитининг ривожланишига кўмаклашиш, ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга оширишда республика ҳамда хорижий етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари, дастурий маҳсулот ишлаб чиқувчи ва бошқа корхоналар ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари истеъмолчилари билан ҳамкорлик қилиш белгиланган.  

Шунингдек, бу даргоҳда таълимнинг тегишли йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув-методик адабиётларни яратиш, талабалар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда фундаментал, илмий ва амалий тадқиқотлар олиб борилади.  

“IT-Park University” да ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компьютер тармоқларини бошқариш соҳалари бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрланади.  

Университетга қабул жараёнлари 2022/2023 ўқув йилидан бошланиб, талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Таълим жараёни кредит-модул тизими асосида ташкил этилади.  

Университетда ўқитиш ахборот-коммуникация технологияларидан ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда масофавий таълим шаклида олиб борилади.  

Шунингдек, қонунчиликка мувофиқ бошқа таълим шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин. Битирувчиларга Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилади.  
 

Гўзал Сатторова, ЎзА