Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юртимизда илк маротаба ишлаб чиқарилган бионик қўл протези тақдимоти ўтказилди
10:09 / 2026-02-14

Мамлакатимизда “Инсон қадри” тамойили асосида юритилаётган сиёсат натижасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами том маънода ҳаётининг янги босқичини яшаш имконига эга бўлмоқда.

Сўнгги йилларда ногиронликни белгилаш, ногиронлиги бўлган шахсларни зарур мосламалар билан таъминлаш йўлида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан юртимизда илк маротаба ишлаб чиқарилган бионик қўл протези тақдимоти ўтказилди. Унда агентлик ходимлари, оммавий ахборот воситалари ва биринчи марта ушбу протездан фойдаланаётган беморнинг яқинлари иштирок этди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни зарур мосламалар билан таъминлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 апрелдаги 253-сон қарори билан тасдиқланган “Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ амалга ошириб келинмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 июндаги 378-сон қарорига асосан давлат томонидан кафолатланган тарзда таъминланадиган РТВ ва ПОМ турларига қўшимча 8 та маҳсулот қўшилган ҳолда 38 тага етказилди.

Ҳозирги кунга қадар мазкур янги қўшилган маҳсулотларнинг 7 тури бўйича муҳтож шахслар буюртма бериб, маҳсулот билан таъминланмоқда. Шундан бионик қўл протезлари бўйича 19 та буюртма расмийлаштирилган бўлиб, уларни тайёрлаш ишлари амалга ошириб келинмоқда.

Қайд этиш лозимки, ушбу бионик қўл протезлари Ўзбекистонда илк бор ишлаб чиқарилмоқда.

-Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан бўлган учрашувида айнан шу каби маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқаришимиз лозимлиги таъкидланган эди. Шундан сўнг мен бу ишга жамоам билан жиддий бел боғладим,- дейди тадбиркор Мустафо Мингбоев. 

Мазкур бионик қўл протези бемор ҳолатига қараб, 45 миллиондан 85 миллионгача баҳоланади. Бугун илк беморимиз Гулчеҳра Ҳамроевага ушбу қўл протезини қўйдик. Эндиликда Гулчеҳра опа бу орқали қўл ҳаракатларини бемалол амалга ошириш имконига эгалар.

Тана бошқа дард билмас деганларидек, жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг ҳолатини доим ҳам англайвермаймиз. Айниқса, ишлаб турган бирор тана аъзомиз тўсатдан ишламай қолса, қандай аҳволга тушишимизни тасаввур ҳам қилолмасак керак.

-Мен ҳам ҳамма қатори турмуш кечирар эдим. Заводда ишлар эдим. Бахтсиз ҳодиса юз берди-ю, станок ўнг қўлимнинг тирсагимга қадар бўлган қисмини яроқсиз ҳолатга келтириб қўйди, - дейди Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида яшовчи Гулчеҳра Ҳамроева. - Шундан сўнг мен бутунлай руҳий тушкунликка тушиб қолдим. Чунки менинг иш қўлим айнан ўнги эди. Очиғини айтганда, келгуси ҳаётимни тасаввур қила олмасдим. Аммо туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходимлари мени бу тубсизликдан чиқаришда катта хизмат қилишди. Улар менинг яшашга бўлган иштиёқимни ошириш учун барча зарур шароитларни яратиб беришди. Қувонарлиси, бугун менга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан гўё қайта ҳаёт берилди. Менга ўрнатилган ушбу қўл протези орқали мен ёзишим, овқатланишим хуллас қўл бажарадиган ҳамма ҳаракатни амалга оширишим мумкин экан. Шу ўринда оғир дамимда менга далда бўлган яқинларимга раҳмат демоқчиман. Айниқса, Президентимизнинг имконияти чекланганларга бўлган бу қадар эътиборидан бошим осмонга етди. Энди мен аввалгидек ишлашни, менга кўрсатилган кўмакни оқлашни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.

Муҳтож шахсларга тақдим этиладиган протез реабилитация воситалари йўналиши мутахассиси Илҳом Муҳиддиновнинг таъкидлашича, ногиронларга тақдим этиладиган зарур мослама ва жиҳозлар сонини кенгайтириш айнан давлатимиз раҳбарининг ташаббусига биноан амалга оширилмоқда. Қолаверса, зарур протез ва мосламалар йилдан-йилга ўрганишлар асосида сони кенгайиб боради.

Хулоса қилиб айтганда, бу каби ислоҳотлар марказида аввало инсон қадри алоҳида аҳамият касб этади. 

Юртимизда илк маротаба ишлаб чиқарилган бионик қўл протезининг тақдимоти ҳам кенг омманинг олқишига сазовор бўлади десак, адашмаган бўламиз.

Шербек Исломов, ЎзА