Бу ҳақда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Ахборот хизмати маълум қилди.
Эндиликда куйдирги касаллиги ўчоқларининг атроф-муҳитга хавфлилик даражаси қатъий назоратга олинади ва олинган тупроқ намуналари ҳар ойда лаборатория текширувидан ўтказилади.
Эътиборлиси, шу пайтга қадар республика ҳудудидаги инсон ва ҳайвонлар учун ўта хавфли бўлган куйдирги касаллиги ўчоқларининг аниқ рўйхати ва манзили мавжуд эмас эди.
Қўмита хабарида қайд этилишича, ҳайвондан одамга юқадиган ўта хавфли касаллик ўчоқларининг мониторингини юритадиган ва таҳлил этадиган дастурланган электрон тизим ҳам яратилди. Тизимнинг қуйи энг бўғини ҳисобланган ветеринария участкасигача замонавий ахборот-коммуникация техникалари билан таъминланиб, узлуксиз тарзда мутахассислар тайёрлаш механизми жорий этилди.
Таққослаш учун айтадиган бўлсак, илгари ҳайвонларнинг юқумли ва юқумсиз касалликлари ҳаракат йўналишининг таҳлили ва жойларда эпизоотик тадбирларнинг самарадорлигини баҳолашнинг дастурланган маълумотлар базаси ва электрон тизими бўлмаган.
Сир эмас, юртимизда 2017 йилгача ветеринария хизмати собиқ Иттифоқ даврида қабул қилинган меъёрий ва техник ҳужжатлар билан иш юритиб келар эди. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган меъёрий ва техник ҳужжатлар Халқаро эпизоотик бюро томонидан тан олинмас эди.
Сўнгги йилларда соҳанинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида 23 та меърёий ҳужжат, дастур ва йўл хариталари, кўрсатмалар ишлаб чиқилиб амалиётга жорий этилди. Бундан ташқари, қўмита томонидан 80 дан ортиқ ўта хавфли юқумли касалликлар диагностикаси ва уларни бартараф этиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилди.
Ветеринария хизматининг меъёрий ва техник ҳужжатлари Халқаро эпизоотик бюро талабларига мослаштирилиб, ҳайвонларнинг юқумли ва юқумсиз касалликларини тезкор аниқлаш ва даволаш ишлари халқрао стандартларга тенглаштирилди.
ЎзА