Юртимизда қиш мавсумида энергия ресурсларига бўлган талабнинг кескин ортиши электр ва газ таъминоти тизими олдига янада катта масъулият юкламокда. Аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда иқтисодиёт тармоқларини барқарор энергия билан таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажмлари оширилиб, тизим узлуксиз ва кучайтирилган тартибда фаолият олиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, сўнгги кунларда электр энергияси ва табиий газ истеъмоли бўйича қайд этилган кўрсаткичлар соҳадаги реал ҳолатни яққол акс эттирмоқда.
Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилдора Ҳошимованинг хабар беришича, ўтган ҳафта охирида юртимизда электр энергиясининг суткалик истеъмоли бўйича янги рекорд қайд этилган.
–Хусусан, 2026 йил 24 январь куни электр энергияси суткалик истеъмолининг тарихий максимал даражаси янгиланди, – деди Д.Ҳошимова. – Тезкор маълумотларга кўра, кунлик умумий истеъмол 283 миллион кВт·соатни ташкил этди.
Таққослайдиган бўлсак, 2025 йилнинг қиш мавсумида энг юқори суткалик истеъмол 11 январь куни кузатилиб, 271,8 миллион кВт·соатни ташкил этган эди. Шунингдек, 2025 йилнинг ёз мавсумида, жумладан, июль ойида электр энергияси суткалик истеъмолининг энг юқори кўрсаткичи 272,6 млн кВт·соатга етган. Тезкор маълумотга асосан ўтган шанба куни бу рекорд янгиланиб, 283 миллион кВт·соат бўлди.
Кеча, 25 январь куни электр станциялари орқали жами 264,2 миллион кВт·соат, режадагига нисбатан 103 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди. Республика истеъмолчиларига 246,9 миллион кВт·соат, режадагига нисбатан 103 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди.
Табиий газ истеъмоли 144,7 миллион метр кубни ташкил қилди. Автомобилларга газ тўлдириш-компрессор шохобчаларига махсус техникалар ва жамоат транспортлари учун кунлик 1,5 миллион метр куб табиий газ етказиб берилди. Хусусан, табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимидан (АСКУГ) олинган маълумотларга кўра, Фарғона водийсидаги махсус техникалар ва жамоат транспортлари учун жами 81 минг 813 метр куб табиий газ етказиб берилган.
Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари учун 2 минг 300 тонна (режага нисбатан 109% кўп) суюлтирилган газ ишлаб чиқарилди, 500 тонна етказиб берилди. Ҳудудлардаги газ тўлдириш шохобчаларидаги суюлтирилган газ захираси 2 тоннага ошиб, 6,7 минг тоннага етди.
Кеча электр қурилмаларида юзага келган 5 та, газ таъминотида эса 1 та носозлик авария бригадалари томонидан тезкорлик билан бартараф этилган. Тизимда 24/7 режимида кучайтирилган тартибда иш олиб борилмоқда. Электр ва газ таъминоти корхоналарида жами 1 минг 479 та махсус бригада ташкил этилган, ушбу бригадалар таркибида 7 минг 596 нафар ишчи-ходим жойларда кечаю кундуз фаолият юритиб бормоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА