Юртимизда бахтли оилалар кўпаяверсин
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги “Зиёкор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 481–сайлов участкасида ёш келин-куёвлар оила деб аталмиш муқаддас даргоҳга қўйган биринчи қадамини муҳим сиёсий жараёнда иштирок этиш билан бошлади.
Норбек Зоиров ва Шоҳида Нағметова ўз ҳудудидаги сайлов участкасига бориб, муносиб топган номзодига овоз берди.
Шарқда қадим-қадимдан оила муқаддас Ватан саналган. Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади. Бинобарин, маҳалла юрт мустаҳкам бўлсагина, давлатда осойишталик ва барқарорлик ҳукм суради.
–Бахт тўйимизнинг сиёсий жараёнга тўғри келганидан хурсандмиз, – дейди Норбек Зоиров. – Мамлакатимизда ёш оилаларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан мамнунмиз. Тилагим, юртимизда бахтли оилалар кўпаяверсин.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири