Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юртимизда 51 турдаги қуш “Қизил китоб”га киритилган
11:13 / 2025-04-01

1 апрель – Халқаро қушлар куни!

Болалигимиздан — боғча, мактаб давридан бошлаб табиат билан ёнма-ён эканлигимиз, табиатни асраш ва севиш, қушлар бизнинг дўстимиз экани кўп бор қулоғимизга сингдирилган. Табиатнинг бир бўлаги бўлган қушларни асраб-авайлаш, уларга яхши муносабатда бўлиш, қиш-қировли кунларда қушлар учун уялар қуриб, дон сепиб қўйиш ҳақида катталар айтган ўгитлари қулоғимиз остида. Шундан бўлса керак, қушларни доим ўзимизга дўст сифатида кўрамиз, уларга илиқ меҳр билан муносабатда бўламиз.  

Ҳа, қушлар энг гўзал, беозор ва мўъжизавий жонзотлардан бири ҳисобланади. Улар табиатнинг мувозанатини сақлаб туришга, экотизимни асрашга катта ёрдам беради. Чунки қушлар зараркунандаларга қарши курашади, турли қурт-қумурсқалар ўсимликлар ва экинларга зиён етказишининг олдини олади. Қолаверса, ўсимликларнинг чангланишида муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун ҳам қушларни асраб-авайлашга, уларнинг турларини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратиб келинади.  

Ҳар йили 1 апрель Халқаро қушлар куни сифатида нишонланади. Бу кун биринчи марта 1894 йилда АҚШда нишонланган ва ушбу сана UNESCOнинг «Инсон ва биосфера» биологик дастурига киритилган. Мазкур санадан мақсад қушларнинг хилма-хиллиги ва кўплигини сақлаш, уларнинг табиий яшаш муҳитини муҳофаза қилиш ҳамда биологик хилма-хилликни асраб-авайлашдан иборат.

Маълумотларга кўра, дунёда 10 мингдан ортиқ қуш тури мавжуд. Ўзбекистонда эса 500 дан ортиқ қуш тури учрайди. Уларнинг аксарияти сув ҳавзаларида, ўрмонзор ҳудудларда яшайди. Мамлакатимиз ҳудудида йиртқич қушлар – лочин, бургут, қирғий, бойўғли, сув қушлари – оққуш, ўрдак, ғоз, лайлак ҳамда ўрмон ва дала қушлари — булбул, зағизғон, кабутар, қалдирғоч кабилар кенг тарқалган.  

Ўзбекистонда қушларни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, доимий назорат ишлари олиб борилади. Аммо шунга қарамай, юртимизда 51 турдаги қуш республика “Қизил китоби”га киритилган.  

Қушларнинг камайиши, йўқолиб кетиши экотизимга салбий таъсир кўрсатади. Биологик хилма-хилликка ҳам зарар етказади. Шунинг учун ҳам бутун дунё бўйлаб табиатнинг гўзал, ранг-баранг мавжудотларини асраш ва сақлаб қолиш мақсадида Халқаро қушлар куни кенг нишонланади. Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотлари томонидан ҳам сана муносабати билан жойларда турли тарғибот тадбирлари, танловлар ўтказилади, қушларнинг табиат ва экологиямиз учун аҳамияти нечоғли экани юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилади.    

Муҳтарама Комилова, ЎзА