Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юртимиз жамоли араб фотоижодкори нигоҳида
12:30 / 2026-02-01

ФОТОРЕПОРТАЖ

Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, иорданиялик халқаро фотосурат устаси Абдураҳмон Валид Савалҳанинг “Ўзбекистон — араб фотоижодкори нигоҳида” номли шахсий фотокўргазмаси очилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамда Тошкент Фотосуратлар уйи ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу кўргазма узоқ асрлик тарихга эга бўлган икки буюк маданият — ўзбек ва араб халқлари ўртасидаги маънавий ришталарни янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Экспозицияда муаллифнинг сўнгги йиллардаги ижодий изланишлари самараси бўлган 100 дан ортиқ сара фотоасарлари намойиш этилмоқда. Суратларда мамлакатимизнинг бетакрор қиёфаси, Янги Ўзбекистон руҳи, меъморий мероси, тарихий обидалари ҳамда табиат манзараларининг ноёб ва таъсирчан кўринишлари акс этган. Уларда нафақат манзаралар, балки ўзбек халқининг меҳр-оқибати, самимияти ва қадим тарих нафаси мужассам. Томошабин юртимиз қиёфасини мутлақо бошқача — ўзга маданият вакилининг ҳайратга тўла нигоҳи орқали қайта кашф этади.

Абдураҳмон Валид Савалҳа ўз ижодида нафақат гўзаллик, балки глобал муаммоларни ҳам юксак бадиий ифода орқали намоён этади. Кўргазмадан ўрин олган “Мўйноқ: Орол фожиаси” туркумидаги суратлар инсониятнинг табиатга муносабати ҳақида чуқур мушоҳада юритишга чорлайди. Орол денгизининг қуриган ҳудудидаги кемалар қабристони ўтмиш ва бугун ўртасидаги оғриқли тўқнашув тимсоли сифатида гавдаланган.

— Ўзбекистон фотоижодкорлар учун бебаҳо хазина. Бу ердаги ранглар жилоси ва одамларнинг ички дунёси мени илҳомлантиради. Бугунги кўргазма — менинг ўзбек халқига бўлган ҳурматим ва муҳаббатим ифодасидир, - дейди фотосурат устаси.

Абдураҳмон Валид Савалҳа Буюк Британиянинг Лондон шаҳридаги Central Saint Martins санъат ва дизайн мактабида “Art and Photography” йўналишида таҳсил олган. 2019 йилдан буён Ўзбекистонда яшаб, самарали ижод қилиб келмоқда. Қарийб 35 йиллик фаолияти давомида у Швейцариянинг Federation Internationale de l’Art Photographique (FIAP), Нидерландиянинг World Press Photo, Араб фотосуратлар институти ҳамда Араб фотографлари уюшмаси аъзоси сифатида тан олинган.

[gallery-27410]

2004 йилда ЮНЕСКОнинг таниқли шахслар рўйхатига киритилган. Халқаро 35 Awards танлови талқинига кўра, дунёнинг энг яхши 100 нафар ландшафт фотографи қаторига кирган. 2021 йилда эса Араб фотография институти томонидан маданият ва санъатга қўшган ҳиссаси учун “Йил одами” деб эътироф этилган.

Фотоижодкорнинг мазкур кўргазмаси санъат ихлосмандлари, шунингдек, юртимиз тарихи ва бугунига бефарқ бўлмаган барча томошабинлар учун манзур. Тошкент Фотосуратлар уйи 8 февралга қадар барчани ушбу ижод оламига саёҳат қилишга чорлайди.

Камола Юсупова,

Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА