Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича фотомухбири, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, “Ватан фидойиси” ва “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонлари соҳиби, "Олтин қалам" XVII Миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловнинг “Энг яхши фоторепортаж” номинацияси ғолиби, таниқли фоторассом Мақсад Ҳабибуллаевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган “Ватан ягонадир, у муқаддас!” номли фотокўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Таниқли фотомухбирнинг шу кунгача бир қанча ижодий ишлари Ўзбекистон Бадиий Академияси Қорақалпоғистон бўлими томонидан ташкиллаштирилган кўргазмаларда намойиш этилган. 2020 йили ўтказилган “Мўйноқ: кеча ва бугун”, “Олтин куз”, “Кумуш қиш” ҳамда 2003 йил 15 октябрда “Халқаро қишлоқ аёллари” кунига бағишланган “Қадри баланд қишлоқ аёли”, жорий йил 8 Март – халқаро Хотин-қизлар куни муносабати билан “Умрнинг гултожи, муқаддас аёл!” номли шахсий фото кўргазмалари шулар жумласидандир. Шунингдек, 2024 йил август ойида унинг Тошкент Фотосуратлар уйида ўтказилган “Мўйноқ: кеча, бугун, эртага” ва 8 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллигига бағишланган фотокўргазмаларда унинг бир қанча суратлари ўрин олган.
“Ватан ягонадир, у муқаддас!” номли фотокўргазмада эса муаллифнинг мустақиллик йилларида Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, шаҳар ва қишлоқлардаги янгиланишлар, жамиятимизда ва халқ хўжалигининг бир қатор соҳаларида амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар ва ютуқларни акс эттирувчи фоторепортаж, фотохабар, фотоочерк, фотоэтюд каби бир қатор жанрларда олинган жами 40 дан ортиқ асари ўрин олган.
Ушбу кўргазмани ташкил этишдан асосий мақсад Президентимизнинг жорий йил 10 июлдаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорининг ижросини таъминлаш, сана муносабати билан маданий байрам кечаларини ўтказиш, айниқса, ёшларни фидойи ижодкорларнинг Ватанга муҳаббат туйғусини тараннум этувчи асарлари билан яқиндан таништиришдан иборат.
—Бугунги кунда Мақсад Ҳабибуллаев ушбу соҳанинг энг моҳир вакилларидан бири ҳисобланади,—дейди “Қорақалпоғистон ёшлари” газетаси мухбири, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Шукирбай Сийпатдинов.—Оролбўйида у бормаган жой йўқ десак, муболаға бўлмайди. Бир куни Мўйноқда юрган бўлса, келгуси куни уни Тахтакўпирда кўрасиз. Расмларда ҳар бир соҳа фидойисининг фидокорона меҳнати акс эттирилган. Бу эса аҳолини, шу жумладан ёшларимизни юрт равнақи, аҳоли фаровонлиги йўлида янада шижоат билан меҳнат қилишга ундайди.
—Қорақалпоғистонга келишимнинг ушбу фотокўргазма очилишига тўғри келганидан хурсандман. Расмлар жуда чиройли ва жозибали. Бундан қорақалпоқ халқининг миллий урф-одатларини, анъаналарини, юртингиздаги фаровон ҳаётни, халқнинг бахтли кунларини англаш мумкин. Фотокўргазмада намойиш этилаётган асарлар нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижликларда ҳам катта таассурот қолдириши шубҳасиз, — дейди германиялик сайёҳ Силеи Али.
Кеча якунида Нукус шаҳар 2-сонли маданият уйининг истеъдодли ёшлари томонидан ижро этилган миллий куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Фотокўргазма 15 сентябргача давом этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/hcBuSYBEcuY" title="Yurtimiz mustaqilligining 34 yilligiga bag‘ishlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА мухбирлари