Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юртимиз мактабларида Финляндия таълим тизими жорий этилади
15:32 / 2022-11-02

Мамлакатимизда халқ таълими тизимига халқаро тажрибаларни кенг жорий қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, халқаро экспертлар ва маҳаллий амалиётчи ўқитувчилар иштирокида Миллий ўқув дастури ишлаб чиқилди. Мактабларда “Клетт”, “Кембридж Юниверсити Пресс” каби нашриётларининг халқаро тан олинган маҳаллийлаштирилган дарсликлари билан бир қаторда миллий қадриятларга асосланган замонавий дарсликларни жорий этиш бошланди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова маълумотларига кўра, таълим соҳасида ишларни янги сифат босқичига олиб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси  Президенти Администрацияси ҳузурида Ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди. Ишчи гуруҳ фаолияти доирасида ҳозирда Финляндия тажрибасини юртимизга кенг жорий этиш, шу билан бирга ижтимоий ва миллий компонент фанларида халқимиз қадриятлари ва анъаналарига хос бўлган дастур ва дарсликларни жорий қилиш ишлари олиб борилмоқда.  

Маълумки, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 8 октябрида Сирдарё вилоятига қилган ташрифи давомида таълим соҳасида қилиниши керак бўлган келгуси ишларга алоҳида тўхталиб ўтар экан, Финляндия таълими дунёда рақобатга чидамли тизим эканлигини таъкидлаб ўтган эди. Эълон қилинган махсус “talim2023” алоқа каналлари орқали таълим тизимини ислоҳ қилишда фаол иштирок этиш истагини билдирган 6 мингга яқин ўқитувчининг аризалари қабул қилинди.  

“Тalim2023” алоқа каналларига келиб тушган 6 минга яқин ўқитувчи мурожаатлари таҳлил қилиниб, энг кўп аризалар жўнатган, республиканинг 14 та ҳудудидаги мактаблар танлаб олинди. Ушбу мактабларда 2023 йил январь ойидан 1-4 синфларда Финляндия масъул идоралари томонидан сифат белгиси билан қайд этилган замонавий дарсликларнинг апробацияси ўтказилади ва унда 4 минг нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этиши кутилмоқда.  

Айни вақтда Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 134-умумтаълим мактабида Финляндия таълим тизимини жорий этиш бўйича тажриба-синов жараёнлари бошланган. Мактабнинг бошланғич синф ўқув дарслари ушбу таълим тизимига босқичма-босқич мослаштирилмоқда.  

Тажриба-синовда иштирок этадиган мактаблар ва уларнинг ўқитувчилари билан кейинги 2 ой давомида алоҳида дастур асосида ишлар олиб борилади. Мазкур ишларнинг биринчи босқичи сифатида 139 та бошланғич синф ўқитувчилари учун 4-9 ноябрь кунлари махсус малака ошириш курслари Тошкент шаҳрида ташкил этилади.  

Шунингдек, келгуси йил январь ойидан бошлаб, республикамизнинг ҳар бир ҳудудида “Замонавий жамият учун замонавий таълим” шиори остида йирик анжуманлар ташкил этиб борилади.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА