"Қуёшли хонадон" дастури доирасида ўтган йилнинг апрелидан жорий йилнинг октябригача фуқароларга 12 миллиард сўмдан ортиқ субсидия тўлаб берилди.
2023 йил 1 апрелдан буён юртимизда "Қуёшли хонадон" дастури амалга оширилмоқда. Дастур доирасида республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига ўрнатилган қуёш панелларида (умумий қуввати 50 кВт гача) ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига Давлат бюджетидан 1 000 сўмдан субсидия ажратилмоқда.
Субсидия солиқ органлари томонидан ҳар ойда "Солиқ" мобил иловаси орқали ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар фуқароларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилмоқда.
Масалан, жорий йилнинг январь-октябрь ойлари учун 6 минг 536 та хонадон эгаларига 10 563 890 кВт/соат ижобий фарқ учун 10 млрд 563 млн 890 сўм субсидия тўлаб берилган. Ўтган йилнинг апрель-декабрь ойлари учун 2 минг 694 та хонадон эгаларига 1 552 534,5 кВт/соат ижобий фарқ учун 1 млрд 552 млн 534 сўм тўлаб берилган.
Субсидиянинг энг катта қисми қуйидаги ҳудудларга тўғри келмоқда:
– Хоразм вилояти - 2,4 млрд сўм;
– Қорақалпоғистон Республикаси - 1,7 млрд сўм;
– Тошкент шаҳри - 1,4 млрд сўм.
Субсидия олиш учун нима қилиши керак?
Аввало қайд этиш керак, бу фақат жисмоний шахслар (фуқаролар) учун ажратилади. Демак:
Солиқ мобил иловасининг “Қуёшли хонадон” бўлими танланиб, Face ID орқали рўйхатдан ўтилади;
Сўнгра хизматдан фойдаланиш тугмаси босилади;
Очилган ойна қаторидан хонадон кадастр рақами танланганда ҳудудий электр тармоқлари автоматик пайдо бўлади;
Шундан сўнг, истеъмолчи ҳисобрақами киритилади ва ариза юборилади;
Ариза ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан кўриб чиқилиб, тасдиқлангач, фойдаланувчи қабул қилинган ва узатилган электр энергияси ўртасидаги фарқ билан, субсидия учун рўйхатдан ўтган хонадонлари, тушумлари фарқи, ойлар кесимида субсидия маълумотлари билан танишиши мумкин;
Субсидия ой якунида жисмоний шахс томонидан истеъмол қилинган ва ягона электр энергияси ҳажми ўртасидаги тафовутдан келиб чиқиб ҳисобланади.
Умиджон Қурбонов, ЎзА