English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юртдан олисда ҳам она Ватан туйғусидан куч олиш бахти
17:28 / 2025-09-12

Одамлар орасида ривожланган давлатларда ишлаш истагида бўлганлар бор. Улар учун зарур шароитлар яратилиб, қонуний тарзда кўмаклашиш чоралари кўрилиши муҳим аҳамиятга эга.

Кимдир илм, яна кимдир иш излаб йўлга чиқади. Бошқалар эса орзу ва мақсадларини рўёбга чиқариш учун сафарга отланади. Шу йўлда ўзбек фарзандлари ҳам жаҳоннинг турли мамлакатларида ҳалол меҳнат қилиб, оиласи учун ризқ топмоқда.

Бугун меҳнат миграциясини тўғри йўналишга қўйиш, фуқароларимизни хавфсиз ва тартибли тарзда чет элга жўнатиш, уларнинг ҳолидан хабардор бўлиш, хориждан қайтганларнинг бандлигини таъминлаш каби масалалар давлатнинг доимий эътиборида.

Айни вақтда Корея Республикасининг саноат маркази саналган Улсан шаҳрида ҳам минглаб ватандошларимиз меҳнат қилмоқда. Улар кемасозлик, саноат ишлаб чиқариши, муҳандислик, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритмоқда. Корея ҳукумати ва маҳаллий компаниялар фуқароларимиз учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитлари яратиб бермоқда. Юртдошларимиз эса нафақат иш жараёнида, балки ижтимоий ва маданий ҳаётда ҳам фаол қатнашмоқда. Улар олис юртларда ҳам миллий қадриятларимизни намоён этиб, икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда.

Жорий йилнинг март ойида Миграция агентлиги, “Hyundai Heavy Industries” компанияси ва Улсан шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида муҳим қадам ташланди. Фарғона шаҳрида малакали кадрлар тайёрлаш маркази очилди. Бу ерда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан сараланган ёшлар кемасозлик йўналиши бўйича уч ой давомида билим ва кўникмаларини мустаҳкамламоқда.

Натижада юздан ортиқ фуқаромиз синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, Кореянинг юқори маошли ишлаб чиқариш корхоналарида иш бошлади. Бу юртимизда яратилаётган имкониятлар самараси, юртдошларимиз меҳнати дунё миқёсида тан олинаётганининг ёрқин исботидир.

– Ҳорижда меҳнат қилаётган юртдошларимиз билан доимий мулоқот қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қувонарли, – дейди Миграция агентлиги директори ўринбосари Азимжон Хусанов. – Ҳорижий давлатларда Мустақиллик байрами муносабати билан турли учрашув ва маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Айни кунларда ҳам Улсан шаҳрида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” деган эзгу ғоя асосида турли тадбирлар ўтказилмоқда. Футбол, миллий кураш, югуриш ва арқон тортиш каби мусобақалар иштирокчиларга юртдаги байрамона кайфиятни улашмоқда. Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Энг асосийси, юртдошларимизнинг бирдамлиги ва кўтаринки кайфияти намоён бўлмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, бугунги глобал дунёда меҳнат миграцияси ҳаётнинг ажралмас қисми. Аммо қаерда бўлмасин, ўзбек фарзанди юрагида Ватанга бўлган муҳаббатни асраб-авайлайди, миллий ифтихорини юксак тутади. Ватандан олисда бўлса-да, уни ҳис қилиш, байрамини биргаликда нишонлаш юртдошларимизнинг садоқати ва бирдамлигининг ёрқин ифодасидир.

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири