Андижон вилоятидаги 799 та умумтаълим, ижод ва ихтисослаштирилган ҳамда хусусий мактабларда ҳам “Илмни қадрланг, илмга интилинг!” шиори остида битирув кечаси тадбирлари бўлиб ўтди.
Андижон шаҳридаги 7- умумтаълим мактабида бўлиб ўтган битирув кечаси тадбирида дастлаб Президентимизнинг умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчи ёшларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
Шундан сўнг тадбирда сўз олган мактаб директори Гулнорахон Зоҳидова ва бошқалар мамлакатимизда ёшларнинг ўқиши, билим олиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлигини таъкидлаб, битирувчиларни муборакбод этди, катта ҳаёт остонасида турган ёшларга оқ йўл тилади.
[gallery-12046]
– Юртбошимиз табригидаги: “Ҳеч шубҳасиз, ўз билим ва истеъдодини Ватанимизга муносиб фарзанд бўлишдек мақсадларга сарфлашга бел боғлаган сиз каби ёшлар – Янги Ўзбекистоннинг олтин фонди, бебаҳо хазинасидир”, – деган сўзлар биз битирувчиларга шижоат, илҳом ва ишонч беради, – дейди Андижон шаҳридаги 7- умумтаълим мактаби битирувчиси Нуриддин Файзиев. – Келгусида биз ёшлар кўрсатилаётган эътибор, яратиб берилаётган кенг имкониятларга муносиб бўлишга, олий ўқув юртларида ўқиб, етук мутахассис бўлиб Ватанимиз равнақи йўлида астойдил хизмат қилиш, Юртбошимиз ишончини оқлаш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.
Қайси бир битирувчи билан суҳбатлашмайлик, уларнинг қалбида ҳис-ҳаяжон, улкан орзу-умидлар, мақсадларга эришиш учун қатъий аҳдни кўрдик.
Битирув кечаси тадбирлари Андижон вилоятидаги барча умумтаълим мактабларида юқори кўтаринкилик билан ўтказилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА