Ватан нима?.. Ватан – бу мен, Ватан – бу сен, Ватан – бу биз, Ватан – бу ҳаммамиз. Киндик қонимиз тўкилган бу заминнинг ҳар бир қарич ери, ҳар ҳовуч тупроғи қадрли бизга. Бугун ҳар бир юртдошимиз унинг равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаяпти. Улар бугунимизнинг кечагидан, эртанги кунимизнинг бугунимиздан-да порлоқ ва турмушимизнинг янада фаровон бўлиши учун яшамоқда.
Ўтаётган ҳар бир кунимиз шу тинч ва осуда кунларимиз қадрига етишни ўргатмоқда. Аммо эл-юртимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти йўлида ўз жонини қурбон қилган юртдошларимиз бугун орамизда йўқ. Улар шу юрт, шу азиз ва муқаддас Ватан тинчлиги йўлида қурбон бўлдилар.
Шерали Идиев ҳам болалигидан ҳарбий бўлишни, ҳарбий форма кийишни орзу қиларди. 1982 йил 4 августда Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида туғилган Шерали телевизорда ёки кўчада ҳарбий кийимдаги зобитларни кўрганида кўзлари ёниб кетарди. Уларга ҳавас-ла боқарди. Шу боисдан бўлса керак, ҳарбий хизматни тугатгандан кейин ҳаётини ҳарбий соҳа билан боғлади.
2003 йилда Навоий шаҳридаги ҳарбий қисмда иш бошлаган қаҳрамонимиз 2009-2013 йилларда Қашқадарё вилоятида, 2013-2015 йилларда эса Бухоро вилояти Когон шаҳрида фаолият олиб борди. Когон шаҳридаги 49575-ҳарбий қисмда алоқа тугуни гуруҳи бошлиғи лавозимигача кўтарилди. Аммо тақдир экан... Шерали Идиев Когон шаҳрида хизмат вазифасини ўтаётган вақтда 2015 йилнинг 29 апрель куни ҳалок бўлди. Бугун эса у оиласи, фарзандлари, яқинлари ва юртдошларимиз хотирасида яшамоқда.
[gallery-810]
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан вилоят ҳокими Қобил Турсунов, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари, полковник Пўлат Сатвалдиев ва Навоий шаҳар мудофаа ишлари бўлими жамоаси Шерали Идиев хонадонига ташриф буюришди.
– Турмуш ўртоғим сержант Шерали Идиев Ватан олдидаги бурчини шараф билан уддалади, – дейди Назокат Нурова. – Хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлди. Бугун биз ҳар томонлама тинч ва осойишта юртда эъзоз ва эътиборда яшаётирмиз. Турмуш ўртоғимнинг дилидаги эзгу нияти ҳам шу эди, аслида.
– Мен ҳам келажакда дадам сингари ҳарбий бўламан. Ватанимга муносиб фарзанд бўлиб, дадамнинг улгуролмай қолган ишларини амалга ошираман. Юртим тинчлиги ва фаровонлигини таъминлашга ўз ҳиссамни қўшишни ҳохлайман, – дейди 6-синф ўқувчиси Шарифжон.
Ҳа, бугун юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида ўз жонидан кечган Шерали сингари қаҳрамонларимиз орамизда йўқ. Улар бошлаган эзгу ишларини сафдошлари, фарзандлари давом эттирмоқда.
Дарвоқе, қаҳрамонлар ўлмайди. Улар халқ тилида ва дилида мангу яшайди.
Абдували БЎРИЕВ, Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА