Юртимизда муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларга бўлган муносабат ўзгача. Зеро, зиёратгоҳларнинг обод қилиниши аждодларга бўлган юксак эҳтиромни билдирса, келажак учун бой маънавий мерос сақланиб қолинишига эришилади. Ана шундай муқаддас масканлардан бири Қашқадарё вилоятининг Қовчин қишлоғида “Абу ал-Муин Насафий” зиёратгоҳи ҳисобланади.
Қовчин қишлоғи Қарши туманидаги қадимий қишлоқлардан бири бўлиб, қишлоқ кексаларининг гувоҳлик беришларича, қадимда қишлоқ ҳудудида Қум, Қайрабод, Ёмчи, Ибсан, Жумабозор деб аталган қишлоқлар бўлган. Шўролар даврида бу қишлоқлар барчаси бош режа асосида битта “Қовчин” қишлоғига бирлаштирилган. Қишлоқнинг “ Қовчин” деб аталишига сабаб у ерда яшаётган аҳолининг кўпчилиги қовчин уруғига мансуб кишилар бўлганлигидир. Марҳум топономик олим Д.Абдураҳмонов ўзининг “Қовчин сўзининг тарихи ҳақида” деб номланган мақоласида: “Ҳақиқатан ҳам қовчин сўзининг уруғ номи эканлиги аниқ. Бу уруғ, бошқа ерлар билан бирга, Қашқадарё водийсида ҳам кўчиб юрган. Ҳозир ҳам бу уруққа мансуб халқлар, юқорида айтилганидек шу территорияларда, жумладан, Бешкент райони территориясида ҳам яшаб келмоқда. ... “ Қовчин ” “ Эпчил ва кучли ( одам ) ” деган маънони беради” дейди.
Қовчин уруғига мансуб кишилари эпчил ва кучли бўлганликлари туфайли Соҳибқирон Амир Темур ва Бобур қўшинларининг асосий жангчилари бўлишган. Бу ҳақда Ш.А.Яздийнинг “ Зафарнома” ва З. М. Бобур “ Бобурнома” асарларида тилга олинади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/8L7f9fEFnL8" title="Yurt tilsimlari: “Abu al-Muin Nasafiy” ziyoratgohi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Зиёратгоҳ машҳур калом илмининг алломаси Абу ал-Муин Насафий ( 1027-1114) номи билан аталади. Абу ал-Муин Насафийнинг тўлиқ исмлари Абу ал-Муъмин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамид ибн Муҳаммад Макҳул Насафийдир. Абул-Муъмин Насафий ҳақида тарих фанлари доктори, профессор У. Уватов раҳбарлигида нашр қилинган “ Ўзбекистон-буюк алломалар юрти ” номли китобда: “ У( Абу ал-Муъмин Насафий) нинг Насафий нисбаси билан аталиши хусусида эса барча тарихнавислар якдиллик билан бир хил ёзганлар. Шу билан бирга, баъзи манбаларда Насафийнинг бир қанча муддат Самарқандда яшаганлиги ва сўнгра узоқ йиллар Бухорода муқим истиқомат қилганлиги ҳақида ҳам хабарлар келтирилган.
Абу ал-Муин Насафий таваллуд топган сана ҳақида ёзган тарихнавислардан бири, араб олими Хайриддин аз-Зириклий ўзининг “Ал-Аълом” ва Умар Ризо Каҳҳола “ Муъжам ал-муаллифийн” номли асарида унинг 1027 йилда Насаф ( ҳозирги Қарши) шаҳрида туғилганлигини зикр этганлар. Унинг вафоти ҳақида эса аксар манбаларда 1114 сана берилади. Шунга кўра, аллома Абу ал-Муъмин Насафий узоқ умр кўриб, 87 ёшида вафот этган. Унинг қабри Қарши шаҳри яқинидаги Қовчин қишлоғида жойлашган” дейилади.
Абу ал-Муин Насафий “Табсират-ал-адилла фи усул ад-дийн аъла тариқати Аби Мансур ал-Мотуридий” асари орқали шуҳрат қозонган. Бу асар имом Абу Мансур ал-Мотуридий асос солган мотуридия таълимотининг дунё бўйлаб ёйилишида катта аҳамиятга эга бўлди. Муаллиф “Қасийдал-қавоид фи илм ал-ақоид” асарида ҳам ботиний тоифасига мансуб кишиларнинг хато қарашларига раддиялар беради. Шу жиҳатдан Абу ал-Муин Насафийнинг бу асарлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
“Абу ал-Муин Насафий” зиёратгоҳида хитой ипак қоғозида битилган қўлёзма “Қуръони-Карим” мавжуд. Унинг бўйи 60 см, эни 41 смни ташкил қилиб, ўз даврида уста Зариф деган киши томонидан баландлиги 1 метр 60 см бўлган лавҳ ясалган. Лавҳда ҳижрий йил ҳисоби билан 1266 йил (милодий йил бўйича 1851 йил) ёзиб қолдирилган. Форс тилида бўлган 12 қатор шеър лавҳда ўйиб битилган.
Зиёратгоҳ атрофида катта қабристон бор. Зиёратгоҳ билан қабристонни қўшиб ҳисоблаганда, улар эгаллаган ер 50 гектардан кўпроқни ташкил қилади. Бу қабристонда 100 дан ортиқ ҳар хил мармар тошларга битилган ёдгорликлар бор.
Бизни кузатишда давом этинг. Юртимиз бўйлаб муқаддас манзиллар билан таништиришда давом этамиз.
М.Турдалиева, И.Исматов (видео) ЎзА