Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий-ижтимоий аҳамиятга эга ҳужжат сифатида кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди. Ушбу Мурожаатнома халқ манфаатларини ифода этган ҳолда мамлакат тараққиётининг устувор йўналишларини аниқ белгилаб берди. Мазкур Мурожаатномани ҳам сиёсий, ҳам тарихий аҳамиятга молик бўлган асосий ҳужжат, деб биламан.
Президентимиз ўз нутқида иқтисодий барқарорликни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, таълим ва тиббиёт сифатини юксалтириш, шунингдек, маҳаллий бошқарув органлари фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Айниқса, инсон қадрини улуғлаш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ҳар бир фуқарода эртанги кунга бўлган ишончни янада мустаҳкамлади.
Мурожаатномада илгари сурилган ташаббуслар мамлакат тараққиётини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Унда давлат хизматчилари олдига катта масъулият юкланиб, халқ билан мулоқотни кучайтириш, очиқлик ва шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилиш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Шу маънода, Президент Мурожаатномаси ҳар бир соҳа вакиллари учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билимли, юксак маънавиятли ва маданият эгаси этиб тарбиялаш борасида ёшларга катта имкониятлар яратиб берилмоқда.
Бугунги кунда юртимизда ёш авлоднинг таълим-тарбия олиши, касб эгаллаши, хорижий тилларни ўрганиши ва истеъдодларини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Шунингдек, уларнинг чет давлатларда ўз билим ва малакаларини оширишлари, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шу яратилаётган шарт-шароитлардан Навоий кон-металлургия комбинати жамоаси ҳамда ёшлари мамнун.
Мурожаатномада истеъдодли ўғил-қизларимиз таълим, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда эришаётган катта ютуқлари билан Янги Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳиссасини қўшаётгани алоҳида таъкидланди. Юртбошимизнинг бу даъвати ёшларимизни янада юқори чўққиларга чорлайди.
Мурожаатномада белгиланган вазифаларни сидқидилдан бажариш, юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида фидойилик билан меҳнат қилишга тайёрмиз. Президентимиз раҳнамолигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар бардавом бўлишига, келажак авлод учун мустаҳкам пойдевор яратилишига ишонамиз.
Фарҳод Сойибов,
Ўзбекистон Қаҳрамони.ЎзА