Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юрт олдидаги хизматлар унутилмайди
22:48 / 2024-05-08

Инсон хотира билан тирик, қадр билан барҳаёт. Шу боис юртимизда ўтганлар хотирасини эъзозлаш, ҳаётларига иззат-икром кўрсатиш, ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш эзгу қадриятга айланган.

Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан тизимда меҳнат қилган фахрийлар эъзозланди, ўтганлар ёди хотирланди. 

Ёшлигидан ҳуқуқшунос бўлишни орзу қилган Ҳусанбой Қурбонов прокуратура органларида самарали меҳнат қилди. Нафақага чиқишдан олдин МИБ органларида фаолият олиб борди. Лекин тақдир экан, орамиздан эрта кетди. Бугун бирга меҳнат қилган ҳамкасблар, маҳалла, яқинлари уни яхши ном билан ёдга олишади. 

Айнан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Бюронинг вилоят бошқармаси масъуллари унинг хонадонига ташриф буюрди, яхши фазилатлари эсланди. 

Байрам муносабати билан Бюронинг вилоят бошқармаси томонидан соҳа фахрийларига эътибор кўрсатиш яхши анъанага айланган. Айниқса, мунтазам равишда ташкил этилаётган “Уч авлод” учрашувларида фахрийларнинг босиб ўтган йўллари ҳақидаги ҳикоялари тизим ходимлари ва ёш мутахассислар учун ибрат бўлмоқда. 

Санага бағишлаб ўтказилган тадбирнинг навбатдагисига прокуратура, бюро органларида самарали меҳнат қилган, бугун нафақада бўлган Шавкатжон Абдуллаев таклиф этилди. 

Самимий руҳда кечган мулоқотда фахрийларнинг бой тажрибаси, ўрта авлод вакилларининг иродаси ва меҳнати, ёш авлоднинг шижоат ва ғайрати биргаликда катта куч бўлиши мамлакат тараққиётининг истиқболидаги ўрни алоҳида эътироф этилди. Айниқса, Шавкат аканинг ибратли ҳаёт йўли, меҳнат фаолиятидаги иш услуби, қонун ҳимояси йўлидаги ишлари йиғилганлар, ёшларда ёрқин из қолдирди. 

Тадбир якунида тизимда “Устоз-шогирд” анъаналарини янада давом эттириш, бунда фахрийлар ҳамкорлигини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири