Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик тўйи олдидан юртни янада обод қилиш, ҳудудларни озода ва покизалигини таъминлаш, кўкаламзорлаштириш мақсадида Андижон вилоятида август ойи “Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги” деб эълон қилинди.
Ана шу хайрли ташаббус доирасида вилоятдаги меҳнат жамоалари, маҳаллалар, таълим муассасаларида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда, ҳашарлар уюштирилмоқда.
– Юрт ободлиги хонадонлардан, кўча, гузар ва маҳаллалардан бошланади, – дейди “Нуроний” уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ўктамжон Охунов. – Тўйга тўёна билан деганларидек, вилоятимизда мустақиллигимизнинг 31 йиллиги олдидан ҳар бир ҳудудни обод қилишдек хайрли ташаббус бошланди. Ушбу хайрли ишда каттаю кичик бирдек фаол иштирок этмоқда.
[gallery-8157]
Андижон вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари ушбу ҳаракатга биринчилардан бўлиб қўшилди. Куни кеча ҳашар ўтказилиб, бошқарма ҳудуди тозаланди, дарахтлар, деворлар оқланди. “Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги” доирасида вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси тасарруфидаги таълим муассасаларида “Обод маскан – юрт кўрки” шиори остида ободонлаштириш ишлари, ҳашарлар ўтказилмоқда.
Дастлабки кунларда 68 та таълим муассасасининг ишчи ва ходимлари ўтказилган ҳашарларда кўтаринки кайфият билан иштирок этди. Ушбу тадбир доирасида ҳудудларда 8 минг 500 туп гул кўчатлари олдиндан тайёрланган ер майдонларига экилди. Шунингдек, 38 та таълим муассасаси биноларида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди, деворлар оқланди, майдонлар, ариқлар тозаланди.
Вилоятда “Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги” доирасидаги ишлар қизғин давом этмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото) ЎзА