Келажагимиз эгаларининг баркамол бўлиб вояга етиши, уларни ҳарбий йўналишга қизиқтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мактабларда ҳарбий-ватанпарварликка ихтисослаштирилган Миллий гвардия синфларининг ташкил этилаётгани ҳам бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми, десак муболаға бўлмайди.
Учтепа туманидаги 109-сонли умумтаълим мактабида «Ёш гвардиячилар» ҳарбий-ватанпарварлик синфининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда мактаб маъмурияти, Миллий гвардия раҳбарияти, Тошкент шаҳар ҳарбий прокуратураси вакиллари, маҳалла фаоллари, ўқувчилар ва ота-оналар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Сўнгра 32 нафар ўқувчининг ваъда бериш маросими ўтказилди.
Меҳмонлар ўқувчиларни тантанали равишда ваъда қабул қилгани билан табриклаб, бугунги кунда улар учун яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишлари лозимлигини таъкидлади, ўқишларида омад ва муваффақият тилади. Тадбирнинг бадиий қисмида иқтидорли ўқувчилар томонидан тайёрланган чиқишлар намойиш этилди.
<iframe width="866" height="487" src="https://www.youtube.com/embed/3vs-uvd7F8s" title="Юрт келажагини белгилашда шижоатли, мақсади аниқ ёшларнинг ўрни катта" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
– Ҳарбийлар довюрак, қўрқмас бўлишади. Она Ватанини ёвуз инсонлардан ҳимоя қилишади, – дейди ўқувчи Одилжон Марипов. –Ҳарбийлар ҳақидаги киноларни кўрганимда улардек бўлишни орзу қилардим. Бугун ўзим ҳам ҳарбийлик либосини кийиб ота-онам, устозларим олдида Ватанимга муносиб фарзанд бўлиш, сидқидилдан хизмат қилиш учун қасамёд қилдим.
Айтиш керакки, ҳарбий-ватанпарварлик синфларида ўғил-қизларга мунтазам равишда ҳарбий билим ва кўникмалар бериб борилади, маҳорат дарслари ташкил этилади. Бу ўз навбатида, келажак авлоднинг ватанпарварлик руҳида камол топишига мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА