Пойтахтимизда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилган “Ўқув марказлари форуми” давом этмоқда. Форумда “Кўмак” лойиҳаси орқали чекка ҳудудларда ўз фаолиятини йўлга қўйган ўқув марказлари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган “Кўмак” лойиҳаси чекка ҳудудларда сифатли таълим имкониятларини яратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Тадбир давомида лойиҳа орқали фаолият юритаётган ўқув марказлари раҳбарлари ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, ҳудудлардаги ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишга бўлган юқори қизиқиши ва таълимга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётганини таъкидлади.

Шунингдек, форумда иштирок этган ёш тадбиркор Жавлон Лутфуллаев, “Болалар академияси” асосчиси чет элда олган билим ва тажрибасини ўз юртининг ёшлари манфаатига йўналтириб, уларга сифатли таълим беришга хизмат қилмоқда.

Имкониятлардан унумли фойдаланган Жавлон Ёшлар ишлари агентлиги тавсияси билан Ёшлар банки орқали имтиёзли кредит олиб, нафақат ўз фаолиятини кенгайтирди, балки янги 50 та иш ўрни яратди. Бугун у раҳбарлик қилаётган 2 та хусусий мактабда 300 нафар ўқувчи замонавий шароитда таълим олмоқда. Бу нафақат ёш тадбиркор учун ютуқ, балки бутун ҳудуд таълим сифатини ошириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Давлатимиз раҳбари томонидан яратилаётган бундай имкониятлар, билим, меҳнат ва фидойилик билан бирлашганда юртимизнинг келажаги янада порлоқ бўлишига ишонч уйғотади.
Гулноза Бобоева, ЎзА