Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Италиянинг Жесоло шаҳрида кикбоксинг бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида 26 та медаллар шодасига эга чиққан спортчиларимиз тантанали кутиб олинди.
– Ёш спортчиларимиз кикбоксинг йўналишида илк бор жаҳон чемпионатида бундай юксак натижани қайд этди. Мусобақа давомида 4 та олтин, 7 та кумуш ва 15 та бронза медалини қўлга киритганимиз келгусида катталар ўртасида юксак ғалабаларга эришишимизга муносиб замин ҳозирламоқда. Маълумки, кикбоксинг спорт тури 2028 йилги ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритилмоқда. Айнан Италияда зафар қучган ёшларимиз “Лос-Анджелес-2028” ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар бўлиб камолга етади, – дейди делегация раҳбари Ойбек Нарметов.
[gallery-9080]
Шунингдек, пойтахт аэропортида Словенияда таэквондо (ITF) бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон кубоги мусобақаларида 11 та олтин, 14 та кумуш ҳамда 11 та бронза медалига мушарраф бўлган ёш таэквондочиларимиз ҳам муносиб қаршиланди.
– Жаҳон кубоги мусобақаларида 60 та давлатнинг 300 нафардан зиёд спортчилари қатнашди. Умумжамоа натижаларига кўра, кубок баҳсларида 5-ўринни, клублар ўртасидаги баҳсларда эса 4-поғонани эгалладик, – дейди Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мураббийи Муҳриддин Аъзамов.
Юрт довруғини дунёга достон этган истеъдодли спортчиларимизни кутиб олиш маросимларида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори, Ўзбекистон кикбоксинг федерацияси президенти Асаджон Ходжаев, Спортни ривожлантириш вазирлиги бошқарма бошлиғи Фахриддин Абдукаримов ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Т.Рўзиев,
ЎзА