Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workout” спорт турлари янада ривожлантирилади
10:00 / 2021-12-23

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини оммавий спорт турларига кенг жалб қилиш, фуқароларнинг соғлом турмуш тарзи кўрсаткичларини ошириш ҳамда аҳоли саломатлигини сақлаш ва яхшилаш, соғлом авлод тарбияси учун шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workout” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга биноан 2021-2022 йилларда юриш, югуриш, мини футбол, бадминтон, стритбол ва “Workout” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури ҳамда 2021-2025 йилларда ҳудудларда бадминтон, стритбол ва “Workout” спорт турлари учун 1 164 та спорт майдончалари ташкил этиш параметрлари тасдиқланди.
Бугунги кунда аксарият аҳоли мустақил шуғулланадиган спорт турларини танлашга интилмоқда. Ҳамманинг ҳам фитнес марказларига бориб спорт билан шуғулланиши учун вақт ёки имконияти бўлмаслиги мумкин. Айни шуни инобатга олиб, иш ва яшаш жойлари учун яқин бўлган жойларда ташкил этилаётган спорт майдончалари барча учун истаган вақтда, ҳеч қандай тўловларсиз шуғулланиш имконини беради.
Қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш натижасида спортнинг устувор турларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, аҳоли ўртасида уни оммавийлаштириш, иқтидорли ёшлари саралаб олиш, моддий- техник базани мустаҳкамлаш, замонавий спорт анжомлари билан таъминлашга эришилади.
Мазкур ҳужжатнинг яна бир эътиборли томони спортнинг устувор турларини оммалаштириш учун давлат бюджетидан 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 104 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, республика бўйича мавжуд спорт иншоотлари сони 2016 йили атиги 50 853 тани ташкил қилган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 52105 тага етган. 
Ҳужжатнинг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири – унда аҳолининг барча қатламлари қамраб олинган бўлиб давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари, таълим муассасалари ўқувчи ва талабалар, шунингдек, маҳалла, қишлоқ, оилавий жамоалар ўртасида ҳар йили қатор спорт мусобақаларини ташкил этиш назарда тутилган. Шунингдек, ҳар йили март ойи якунигача спортнинг устувор турлари бўйича мусобақалар тўғрисида батафсил маълумот www.jtdss.uz сайтига жойлаштириб борилади ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали ёритилади.
Ҳозирда соғлом турмуш тарзини олиб бориш фуқароларнинг кундалик ҳаётига айланиб улгурди десак, муболаға бўлмайди. Маълумки, «Соғлом турмуш тарзи» платформасининг 1hls.uz мобил иловаси фойдаланувчиларига бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ёш ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг электрон ҳамёнига ўтказиб бериш амалиёти йўлга қўйилган. Қарорда 2022 йилда ҳам тўлаб берилишини таъминлаш ва платформани такомиллаштириш, шунингдек фуқаролар томонидан белгиланган масофани ҳақиқатда босиб ўтганлигини тасдиқловчи механизмларни қайта кўриб чиқиш вазифаси ҳам белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, спортни ривожлантириш борасида Давлат дастурида назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилиши, фуқароларга нафақат ўз саломатликларини мустаҳкамлашга, шу билан бирга, жамиятда соғлом турмуш тарзи шаклланишига ёрдам беради.


Анваржон Миркомилов,
«Тараққиёт стратегияси» маркази бош  мутахассиси