Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юридик хизматлар самарадорлиги ошмоқда
15:36 / 2025-12-16

Сўнгги йилларда Сирдарё вилоятида юридик хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, ҳуқуқий ҳужжатлар сифатини ошириш ва давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишлар ўзининг аниқ рақамлари ва амалий натижалари билан яққол намоён бўлмоқда.

Хусусан, 2025 йилнинг январь–октябрь ойлари давомида вилоятда фаолият юритаётган юридик хизмат кўрсатиш марказларига жами 402 минг 619 та ҳужжат лойиҳаси келиб тушган. Уларнинг 253 минг 704 таси турли шартнома лойиҳалари, 148 минг 915 таси эса буйруқ лойиҳаларини ташкил этган. Бу эса соҳадаги иш ҳажми билан бирга, масъулият ва ҳуқуқий назорат даражаси ҳам тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

Мазкур кўрсаткичлар Сирдарё вилояти адлия бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди. Тадбирда юридик хизмат кўрсатиш марказларининг давлат ташкилотлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш, ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги ўрни ва аҳамияти атрофлича ёритиб берилди.

Матбуот анжумани давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда юридик хизматлар сифатини янада яхшилаш, ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш, рақамлаштириш орқали иш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳуқуқий хизмат кўрсатишда ягона электрон платформалардан фойдаланиш орқали вақт ва ресурсларни тежаш имкониятларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда Президентнинг 2025 йил 14 ноябрдаги “Бизнес юритишни ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштиришга доир навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти ҳам кенг ёритилди.

Мазкур Фармон асосида тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий харажатларни кескин қисқартириш кўзда тутилган. Жумладан, 2026 йил 1 январдан бошлаб «Бизнесни 15 дақиқада бошлаш» тамойили жорий этилиб, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида бир вақтнинг ўзида қатор давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилади.

Хусусан, электрон рақамли имзо калитини олиш, банк ҳисобварақларини очиш ва уларни фаоллаштириш учун ариза топшириш, айрим фаолият турлари бўйича лицензия ёки рухсатнома олишга ариза ёки хабарнома юбориш, кўчмас мулк ижара шартномасини расмийлаштириш каби жараёнлар ягона тизим орқали амалга оширилади. Шу билан бирга, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида автоматик равишда гувоҳнома олиш, онлайн назорат-касса машиналарини масофадан туриб харид қилиш ва солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш, юридик шахс раҳбарини тайинлаш ҳамда уни «Ягона миллий меҳнат тизими»да ҳисобга қўйиш имкониятлари ҳам тақдим этилади.

–  Энг аҳамиятли жиҳати шундаки, «Бизнесни 15 дақиқада бошлаш» тамойили доирасида тадбиркор ҳар бир хизматдан ўз танловига кўра, ихтиёрий равишда фойдаланади. Танланган хизматлар бўйича тўловлар эса ягона QR-код орқали амалга оширилади, –  дейди Сирдарё вилояти адлия бошқармасининг шуъба бошлиғи Азиз Мавлонов.

Фармонда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада соддалаштиришга қаратилган нормалар ҳам ўз аксини топган. Хусусан, 2026 йил 1 мартдан бошлаб лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда юридик шахсга жарима қўлланилса, унинг мансабдор шахсларни алоҳида маъмурий жавобгарликка тортиш амалиёти бекор қилинади. Бу эса тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ортиқча маъмурий босимларни бартараф этишга хизмат қилади.

Шунингдек, «Лицензия» ахборот тизими орқали лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олишда ихтиёрий дастлабки баҳолаш хизмати жорий этилади. Ушбу хизмат доирасида талабгор томонидан режалаштирилаётган бино-иншоотлар, моддий-техника базаси, асбоб-ускуналар ва ходимлар таркибининг белгиланган талаб ва шартларга мувофиқлиги ўрганилиб, тегишли хулоса тақдим этилади. Дастлабки баҳолаш хизмати 20 кундан ошмаган муддатда кўрсатилиб, у учун ундириладиган тўлов миқдори лицензия ёки рухсатнома беришда аризани кўриб чиққанлик учун белгиланган йиғимдан ортиқ бўлмайди.

Умуман олганда, Сирдарё вилоятида юридик хизматлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш, тадбиркорлар ва фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Муҳими, матбуот анжумани очиқ ва конструктив мулоқот руҳида ўтиб, юридик хизматлар самарадорлиги, амалдаги қонун ҳужжатлари ҳамда уларда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларининг барча саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири