French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юридик хизмат кўрсатиш янада кенгаймоқда
12:24 / 2022-08-04

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори адлия тизимида ҳам кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш сифати янги босқичга олиб чиқилди. Шунингдек, юридик хизмат соҳаси такомиллаштирилди.

Наманганда Республика Адлия вазирлиги ходимлари томонидан юридик хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўзгариш ва янгиланишларни жойига чиққан ҳолда тушунтириш мақсадида учрашувлар ўтказилмоқда.

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, уларга сифатли ва профессионал юридик хизмат кўрсатишга қаратилган амалий ҳаракатлар босқичма-босқич олиб борилмоқда.

Хусусан, дастлаб Наманган шаҳри, Қарши ва Марҳамат туманларида синов тариқасида жами 23 та давлат органи ва ташкилотининг ҳудудий бўлинмаларига юридик хизматлар кўрсатувчи марказлар фаолияти Адлия вазирлиги тизимида йўлга қўйилиб, ўз ижобий самарасини кўрсатди.



Шу билан бирга, соҳага тажрибали кадрларнинг жалб қилинишидаги камчиликлар ҳужжатлар лойиҳаларининг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Натижада қабул қилинаётган қарорлар ва бошқа ҳужжатлар аксарият ҳолларда жойларда жисмоний ва юридик шахсларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. 

Юридик хизмат кўрсатувчи давлат идораларининг марказларга юбориладиган ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва қабул қилиш жараёнларини электрон шаклга ўтказувчи “E-huquqshunos” электрон тизими яратилди, иш юритуви тўлиқ рақамлаштирилиб, қоғозбозликка барҳам берилди.

Адлия вазирлигининг ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги “Юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти юзасидан масъул ходимлар, юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан ташкиллаштирилган учрашувларда айни шу хусусда сўз юритилди.

– Мулоқотлар давомида эксперимент тартибида битта мактаб ҳамда битта боғча танлаб олиниб, “E-huquqshunos” электрон тизими билан ишлаш амалиёти ўргатилди, – дейди Наманган вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Улуғбек Исматуллаев. – Наманган шаҳрида давом этган семинарда Адлия вазирлиги масъул ходимлари томонидан юридик хизмат кўрсатиш қамровини кенгайтириш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар келгусида ҳуқуқий низолар келиб чиқишининг олдини олиш, шунингдек, ташкилот ва ходим ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилгани ҳақида маълумот берилди. 

Иштирокчиларга юридик хизмат кўрсатиш маркази, шунингдек “E-huquqshunos” дастурининг асосий жиҳатларини акс эттирган махсус буклетлар тарқатилди. Қолаверса, дастурнинг ишлаш тартиби ҳақида тушунтиришлар берилди. Тингловчиларни қизиқтирган саволларига масъул ходимлар томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.



Оқилхон Дадабоев, ЎзА