Мамлакатимизда давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, юридик хизматларнинг ходимлари қонун бузилишининг олдини олиш ҳамда улар бўйича ўз вақтида чоралар кўриш учун етарли ва таъсирчан ваколатларга эга бўлишлари учун ҳамда турли давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматларнинг ташкилий штат тузилмасини оқилона белгилашни таъминлаш мақсадида мазкур йўналишда юридик хизмат фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча меъёрий-ҳуқуқий механизмлар жорий этилди.
Юридик хизмат фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар доирасида давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан ҳудудий бўлинмаларда юридик хизматларни мажбурий тартибда ташкил этиш жорий этилди. Шунингдек, юридик хизмат ходимларига белгиланган тартибда мартаба даражаларини бериш, узоқ йиллик хизмат учун устамалар тўлаш ҳамда бошқа давлат органларига ўтганда мазкур стажни тегишли тўловларни ҳисоблашда инобатга олиш тартиби белгиланди. Бундан ташқари, ҳар чоракда давлат органи манфаатига ҳал қилинган низолар бўйича ундирилган маблағнинг 5 фоизи миқдорида (энг кам иш ҳақининг 17,5 баробаридан ошмаган ҳолда) мукофотлаш назарда тутилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июндаги «Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида Адлия вазирлиги тизимида юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолияти йўлга қўйилди ва бу амалиёт ижобий натижа бермоқда. Жумладан, давлат идоралари марказларга тақдим этадиган ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳамда қабул қилиш жараёнларини электрон шаклга ўтказиш учун «E-huquqshunos» тизими яратилди, иш юритув рақамлаштирилди ва қоғозбозлик сезиларли қисқартирилди.
Бундан ташқари, мазкур марказлар фаолияти юридик хизмати мавжуд бўлмаган, айниқса, ҳудудий бўлинмаларнинг ҳуқуқий таъминотини кучайтиришга ҳам хизмат қилмоқда. Марказлар фаолияти босқичма-босқич кенгайтирилиб, юридик хизмат билан таъминланмаган ҳудудий бўлинмаларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Натижада маҳалла ҳамда ижтимоий соҳа идоралари, таълим ва тиббиёт муассасалари, солиқ ва бандлик органлари каби қатор тузилмалар профессионал юридик хизмат билан қамраб олинди.
Хулоса қилиб айтганда, сўнгги йилларда давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматлар институтини тубдан такомиллаштиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада бу институт нафақат қабул қилинаётган қарорлар ва ҳужжатларнинг қонунчиликка мувофиқлигини таъминлайдиган механизм, балки қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий хавф-хатарларни олдиндан бартараф этиш ҳамда давлат бошқарувида ҳуқуқий маданиятни юксалтиришдаги аҳамиятини янада оширди.
Шу билан бирга, юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятининг йўлга қўйилиши давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий таъминотини кучайтириш, юридик хизматлар қамровини кенгайтириш ҳамда қонунийликни таъминлашда институционал механизмни шакллантиришга хизмат қилди. Рақамли технологияларнинг жорий этилиши эса ҳуқуқий экспертиза жараёнларининг тезкорлиги, шаффофлиги ва самарадорлигини сезиларли даражада оширди. Марказлар фаолиятининг кенгайиши ҳудудий бўлинмаларнинг ҳуқуқий қўллаб-қувватланишини кучайтириб, давлат органларида қонунийликни таъминлашнинг барқарор тизимини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Дилноза Барлибаева,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти бош маслаҳатчиси