English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юридик техникумда иншолар танлови ўтказилди
18:30 / 2025-11-13

Гулистон шаҳридаги Сирдарё юридик техникумида ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик руҳини шакллантириш мақсадида иншолар танлови ўтказилди.

Тадбирда Адлия бошқармаси вакиллари ҳам  иштирок этишди. Улар ёшларнинг коррупцияга қарши курашдаги фаолиятининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратдилар. Ҳуқуқий ахборот шуъбаси бош маслаҳатчиси Дилноза Умурзоқова таъкидлашича, бундай танловлар ёшларни адолат, қонунга ҳурмат руҳида тарбиялайди.

–  Ёшлар бундай тадбирларда фаол иштирок этиши орқали ҳуқуқий онгини мустаҳкамлайди ва коррупцияга нисбатан муросасизлик руҳини шакллантиради. Шунингдек, уларнинг амалий таклифлари давлат органлари ва маҳаллий жамоатчилик томонидан эътиборга олинса, бу жамиятда коррупцияни камайтиришга муҳим ҳисса қўшади, – деди Дилноза Умурзоқова.

Танлов “Коррупция – тараққиёт кушандаси” шиори остида бўлиб ўтди. Техникум ўқувчилари ўз фикр ва қарашларини эркин баён қилиб, коррупция тушунчаси ва унинг давлат, жамият ҳамда инсон ҳаётига келтирадиган салбий оқибатлари ҳақида чуқур фикр-мулоҳазаларини тақдим этдилар.

Иштирокчилар шунингдек коррупциянинг инсон қадри, адолат тамойиллари ва мамлакат тараққиётига таъсирини таҳлил қилиб, уни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар илгари сурдилар.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, иншолар танлови туман ва шаҳар адлия бўлимлари томонидан лицей, техникум ва коллеж ўқувчилари ўртасида ўтказилди. Баҳолаш жараёнида мавзунинг долзарблиги, муаллифлик ҳуқуқига риоя этилиши, таклифларнинг амалиётда қўлланиш имконияти, танқидий ёндашув даражаси ва имло хатоларига алоҳида эътибор қаратилди.

Энг юқори балл тўплаган иштирокчилар вилоят босқичида иштирок этиш учун тавсия қилинди. Мазкур тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролик масъулиятини ривожлантириш ва коррупцияга нисбатан муросасизлик руҳини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири