Ижтимоий тармоқларда “2020 йилда киритилган ўзгартиришлар туфайли юридик техникум битирувчилари ТДЮУга кириш йўлланмасини олиш имкониятидан маҳрум бўлган” деган мазмунда турлича фикрлар билдирилмоқда. Аслида бу аноним мурожаат туфайли келиб чиққан.
Мазкур ҳолат юзасидан Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими қуйидагиларни маълум қилди:
Биринчидан, хорижий тилни билиш сертификатини жорий этишдан мақсад миллий ҳуқуқ тизимини янада ривожлантириш орқали юридик кадрларнинг халқаро майдонда рақобатбардошлигини таъминлашдир. Шунингдек, соҳани ўз соҳасининг етук мутахассиси бўладиган ҳалол, виждонли ва билимли кадрлар билан тўлдиришдан иборат.
Юридик техникумлар битирувчиларига йўлланмалар беришда хорижий тилни В2 даражасида билиш тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификат (IELTS 5,5 балл) талаби 2020 йил октябрь ойида киритилган. Ушбу маълумот ОАВ орқали эълон қилинган ва бевосита юридик техникумларнинг ўқувчилари эътиборига ҳам етказилган (хорижий тилни билиш талаби 2018 йилда ҳам бўлган, бунда хорижий тилни билиш даражаси якка тартибда суҳбат ўтказиш жараёнида аниқланган).
Иккинчидан, суҳбатга кириш учун йўлланмаларни белгиланган тартибга мувофиқ барча битирувчилар эмас, балки улар жами сонининг 30 фоизи олиши мумкин.
Шу сабабли, юридик техникумга фақатгина тегишли йўлланма олиш учун ўқишга кирилади, деган фикрга қўшилиб бўлмайди. Бундан ташқари, ўтказилган очиқ мулоқотларда битирувчиларнинг аксарияти кейинчалик ўқиш эмас, балки ишлаш нияти борлигини билдирган.
Учинчидан, йўлланмалар бериш бўйича махсус комиссиялар томонидан Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, ва Хоразм вилоятлари юридик техникумлари битирувчиларига тегишли йўлланмалар берилган.
Бу ўқув йилида ТДЮУга кириш учун суҳбатдан ўтишга юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг 63 нафар битирувчиси тавсиянома ва йўлланма олишга ҳужжат топширган ва шу кунларда тегишли комиссия томонидан кўриб чиқилади. Бундан ташқари, яна 29 нафар юридик техникум ва академик лицей битирувчисининг миллий сертификат натижалари кутилмоқда.
Шу сабабли, “махсус комиссиядан ТДЮУга ҳеч ким йўлланма олмади”, деган фикр асоссиз.
Тўртинчидан, юридик техникум олий таълим билан интеграциялашган ўрта махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган давлат таълим муассасаси ҳисобланади. Унга мактаб, лицей ва коллежни тугатгандан кейин кирилади. Бу юридик техникумга ўқувчи ўзи хоҳлаб ўқишга киради, бу мажбурий эмас, аксинча ихтиёрий таълим дегани.
Шу боис юридик техникумларда номутахассислик фанлар сони қисқартирилиб, мутахассислик, яъни юридик фанлар кўпайтирилган.
Шундай бўлсада, юридик техникумларнинг ўқув режасига мувофиқ чет тили 1-курс ўқувчилари учун асосий, 2-курс ўқувчилари учун эса танлов фани сифатида киритилган. Шунингдек, 1–2-курсларда қўшимча ўзлаштирадиган хорижий мутахассисларнинг қисқа курслари ҳам киритилган.
Таъкидлаш жоиз, юридик техникумгача ўқувчилар 11 йил мактаб, лицей ва коллежларда хорижий тилларни ўрганади.
Бешинчидан, ҳозирги кунда юридик техникумларда ўтказилаётган меҳнат ярмаркалари тегишли ҳудуддаги бўш иш ўринлари тўғрисида етарли даражада маълумотга эга бўлиш ва битирувчининг шахсий касбий қизиқишига кўра касб ва лавозимларни эгаллашга кўмаклашишдан иборат.
Ташкил этилган меҳнат ярмаркаларида иштирок этган юридик техникумларнинг 1 минг 625 нафар битирувчисидан 155 нафари дастлабки босқичдаёқ, яъни меҳнат ярмаркалар ўтказиш вақтида бўш иш ўринлари билан иштирок этган ташкилотларга ишга қабул қилиниши бўйича шартномалар тузиш учун ҳужжат топширишга муяссар бўлган.
Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига (2021 йил 1 мартдан ўз кучини йўқотган) мувофиқ, юридик техникум битирувчилари эгаллаши мумкин бўлган лавозимлар сони 90 дан ортиқни ташкил этади. Ушбу лавозимлар билан Қонунчилик маълумотлари миллий базаси www.lex.uz да танишиш мумкин.
Бундан ташқари, Адлия вазирлиги томонидан юридик техникумлар битирувчилари эгаллаши мумкин бўлган лавозимлар ва касблар сонини янада кўпайтириш бўйича жиддий ишлар амалга оширилмоқда.
Олтинчидан, юридик техникум битирувчиларининг барча абитуриентлар каби тест синовлари орқали ҳам олий таълимга ўқишга киришига монелик қиладиган омиллар мавжуд эмас.
Еттинчидан, ҳозир мамлакатимизда хорижий тилларни эгаллаш таълим сиёсатининг устувор йўналиши сифатида ривожлантирилмоқда.
Жумладан, бу масалада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил майда тегишли қарори қабул қилинди.
Унга кўра, давлат органларига ишга қабул қилиш ва юқори лавозимга тайинлаш учун хорижий тилни билиш талабгорга қўйиладиган мажбурий малакавий кўникма сифатида белгиланди.
Қолаверса, жорий йилнинг 1 май санасидан бошлаб, IELTS, TOEFL ва бошқа халқаро имтиҳонларда юқори балл олганларга имтиҳон харажатлари Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тўлиқ қоплаб берилиши жорий этилди.
Энг асосийси, миллий сертификат мавзусида бўлаётган шов-шувларга юридик техникумлар ўқувчилари томонидан йўлланмалар олиш масаласининг қандай алоқаси борлиги тушунарсиз.
Юридик техникумларни ТДЮУга кириш дарчаси деб қабул қилиш тўғри эмас. Юридик техникумларнинг битирувчилари бугунги кунда ўз маълумоти билан бир қатор касб ва лавозимларда, хусусан нотариус ёрдамчиси, адвокат ёрдамчиси, ФҲДЁ бўлими инспектори, Давлат хизматлари маркази мутахассислари, судья ёрдамчиси ҳамда давлат ижрочиси лавозимларида ишлаши мумкин.
Юридик техникумлар ўз битирувчилари учун касб танлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа қатор соҳаларда фаолият юритиш учун билим берувчи таълим масканидир.
Н.Абдураимова, ЎзА