Бугунги кунда юридик таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижалари билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида Тошкент давлат юридик университетида “Юридик таълимдаги ислоҳотлар ОАВ нигоҳида” мавзусида пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур доирасида ташкил этилган брифингда Тошкент давлат юридик университети ректори, профессор Бахшилло Ходжаев Президент Фармонининг мазмун-моҳияти, унинг юридик таълим тизимини тубдан такомиллаштиришдаги аҳамияти, Тошкент давлат юридик университетида ушбу ҳужжат асосида олиб борилаётган ислоҳотлар, юридик таълим ва илм-фанни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, университет олдида турган вазифалар ҳамда замонавий, халқаро стандартларга мос ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, брифингда Тошкент давлат юридик университетида халқаро ҳамкорлик, қўшма таълим дастурлари ва халқаро рейтинглар бўйича олиб борилаётган ишлар, ўқув жараёнини рақамлаштириш, Регистратор офиси фаолияти, шаффофлик ва талабалар учун яратилган қулайликлар, университетдаги трансформация жараёнлари, замонавий бошқарув ёндашувлари ва инновацион ечимлар ҳақида маълумот берилди.
Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар Ўқув-услубий бошқарма, Ахборот-ресурс маркази, имтиҳон хоналари, спорт зали, суд зали, ситуацион марказ, Юридик клиника, атоқли ҳуқуқшунослар номидаги хоналар ҳамда қатор кафедралар фаолияти билан яқиндан танишди. Жараёнда университетда яратилган замонавий инфратузилма, таълим жараёнининг шаффофлиги ва талабаларга кўрсатилаётган хизматлар амалий мисоллар орқали кўрсатиб берилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/HsQuc7EmiSU" title="Yuridik ta’limdagi islohotlar OAV nigohida " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мазкур пресс-тур юридик таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, ОАВ вакиллари билан самарали мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Муҳайё Турдалиева, Исматов Исматов, ЎзА