Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юридик таълим ва илм-фанда янги давр
16:07 / 2026-01-12

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрдаги тегишли фармони мамлакатимизда юридик таълим ва илм-фан соҳасини тубдан ислоҳ қилиш йўлида муҳим қадам бўлди.

“Таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”, деган устувор ғоя асосида қабул қилинган ушбу ҳужжат замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янгича асосларда шакллантириш вазифасини белгилаб берди.

Фармоннинг энг муҳим жиҳати шундаки, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университетида тажриба тариқасида амалий ўқитиш ҳамда клиник ва дуал таълим тамойили жорий этилади. Бу дегани, иккинчи, учинчи ва тўртинчи курс талабаларининг таълим дастурларининг ярми аудиторияларда назарий билимларни ўзлаштиришга, қолган ярми эса тўғридан-тўғри суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа юридик ташкилотларда амалий тажриба орттириш учун йўналтирилади. Бундай ёндашув талабаларнинг назарий билимларини амалиётда қўллаш имкониятини кенгайтиради ва уларни келажакдаги касбий фаолиятга тайёрлайди.

Сунъий интеллект технологияларининг таълим жараёнига жорий этилиши ҳам эътиборга молик янгилик ҳисобланади. Электрон таълим платформасида талабаларнинг оралиқ билими даражасини аниқлаш механизми белгиланади, якуний назорат ишларини сунъий интеллект томонидан баҳолаш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, сунъий интеллект асосида тьюторлик фаолияти талаба кўмакчиси сифатида жорий этилади. Бу эса таълим сифатини назорат қилишда инсон омилини чеклаб, баҳолашнинг холислигини таъминлайди.

Фармоннинг яна бир муҳим йўналиши “Рақамли ҳуқуқ” халқаро таълим йўналишини жорий этишдир. Мазкур йўналишга қабул қилиш танловлари халқаро стандартларга мувофиқ IQ тест тартибида ўтказилади, ўқув жараёни инглиз ва бошқа тилларда олиб борилади ҳамда етук хорижий профессор-ўқитувчилар жалб этилади. Бу эса университетнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини ошириш ва Quacquarelli Symonds рейтингида ҳуқуқ соҳаси бўйича юқори 1000 талик университетлар рўйхатига киришини таъминлаш мақсадига хизмат қилади.

Фармон университетда бошқарув тизимини ҳам тубдан ўзгартиради. Энди факультет деканлари, департамент бошлиқлари ва марказ раҳбарлари сайлов асосида икки ўқув йилига тайинланади. Бир шахс сурункали равишда икки муддатдан ортиқ мазкур лавозимларга сайланиши мумкин эмас. Бу академик эркинлик ва демократик бошқарув тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.

Профессор-ўқитувчиларнинг ролини ошириш мақсадида Университет профессорлар кенгаши ташкил этилади. Бу орган университетни узоқ ва ўрта муддатли стратегик ривожлантириш дастурини тасдиқлаш, илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, академик ҳалоллик ва тадқиқот этикаси стандартларини тасдиқлаш каби муҳим ваколатларга эга бўлади.

Айниқса, таълимнинг барча босқичларида ҳуқуқий онгни шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Умумий ўрта таълим мактабларининг 5-7-синфларида тарбия фани доирасида ўқувчиларнинг ҳуқуқий онгини шакллантиришга қаратилган мавзуларда визуал контентлардан фойдаланиш йўлга қўйилади. Шунингдек, “Юриспруденция” ҳамда “Давлат ва жамият бошқаруви” таълим йўналишида бакалавр даражасига эга шахсларга умумий ўрта таълим мактабларида давлат ва ҳуқуқ асослари фани бўйича дарс беришга рухсат этилади.

Фармон билан профессор-ўқитувчи ва докторантлар учун суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат органларида ҳар ҳафтада камида бир маротаба стажировка ўташ тизими ҳам жорий этилади. Бу эса назария ва амалиёт ўртасидаги узвий боғлиқликни таъминлаш, илмий тадқиқотлар натижаларини бевосита амалиётга жорий этиш имконини беради.

Шунингдек, фармон университетда бизнесни ҳуқуқий бошқариш ва тадбиркорлик фаолияти учун кадрлар тайёрлашга замонавий ёндашувларни жорий қилишни ҳам назарда тутади. “Корпоратив ҳуқуқ ва бошқарув” таълим мутахассислиги ҳамда тадбиркорлик фаолиятида ҳуқуқий билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган “Master of Legal Administration” бир йиллик ўқув дастури жорий этилади. Бу эса бизнес соҳасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва тадбиркорларни қонунчилик билан ишлашга тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга.

Фармон доирасида Қашқадарё юридик техникуми негизида Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицей ташкил этилади. Бундай академик лицейларда тижорат гуруҳлари ташкил этилишига ва ўқитувчиларга университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан устамалар тайинлашга рухсат берилади. Бу эса таълим муассасаларининг молиявий мустақиллигини ошириш ва ўқитувчиларни рағбатлантиришга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон юридик таълим ва илм-фан соҳасида туб ўзгаришлар даврини бошлаб берди. У нафақат таълим сифатини ошириш, балки ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш, малакали юрист кадрлар тайёрлаш ва мамлакатимиз ҳуқуқ тизимини халқаро стандартларга яқинлаштириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Фармоннинг изчил амалга оширилиши Ўзбекистоннинг ҳуқуқий тизимини янада мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга катта ҳисса қўшади.

Темурбек Пўлатов,

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси.