Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юридик таълим соҳасида халқаро ҳамкорлик – рақобатбардош кадрларни тайёрлашда муҳим қадам
10:20 / 2020-07-01

Мамлакатимизда кўплаб соҳалар билан бир қаторда олий таълим соҳасини ҳам ривожлантириш учун катта эътибор қаратилмоқда.


Мамлакатимизда кўплаб соҳалар билан бир қаторда олий таълим соҳасини ҳам ривожлантириш учун катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига биноан Тошкент давлат юридик университетини 2030 йилга қадар халқаро QS ва THE (Times Higher Education) рейтингидаги кучли мингталик олийгоҳлар қаторига киритиш энг муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида ҳам университетнинг халқаро миқёсдаги ўрнини мустаҳкамлаш, хорижий мамлакатлар таълим муассасалари билан алоқаларни ўрнатишга доир бир қанча вазифалар ҳам юкланган.

Жумладан, «Икки томонлама диплом» (double degree) тақдим этишни назарда тутувчи қўшма таълим дастурларини жорий этиш, хорижий олий таълим муассасаларига докторантурага юбориш, шунингдек етакчи чет эл мутахассисларини ТДЮУда ўтказиладиган ўқув ва илмий тадбирларга жалб этиш орқали халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масаласи муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур вазифа ижроси юзасидан жорий 2020 йилнинг июнь ойида М.Нарикбаев номидаги Қозоқ гуманитар юридик университети билан «Икки томонлама диплом» (double degree) дастури бўйича шартнома имзоланди. Қўшма дастур битирувчилари иккита олий таълим муассасасининг бир хил кучга эга бўлган дипломларига эга бўлишади ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида ҳеч қандай нострификация ҳаракатларисиз ишлаш ҳуқуқига эга бўлишади.

Энг муҳими, битирувчи талабалар юриспруденциянинг истиқболли ва энг кўп маош оладиган халқаро иқтисодий ҳуқуқ соҳаси мутахассислари бўлиб етишади. Ўқишга қабул қилинган талабалар 2,5 йил ҚозГЮУда, 1,5 йил ТДЮУда таҳсил олишади. Пандемия шароитида таълим бериш сифатини йўқотмаган ҳолда масофавий таълим жараёни ташкиллаштирилиши ҳам кўзда тутилган.

Университетнинг халқаро алоқаларини ривожлантиришнинг яна бир асосий йўлларидан бири – бу халқаро ташкилот ва ассоциацияларига аъзоликни йўлга қўйиш ҳисобланади.

Хусусан, халқаро юридик олий таълим муассасалари ва уларнинг ассоциациялари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мамлакатимизда олий юридик таълим сифатини таъминлашнинг муҳим омилларидан ҳисобланади. Шу маънода, жорий йилда Тошкент давлат юридик университети Халқаро университетлар ассоциацияси (International Association of Universities – IAU), Халқаро юридик мактаблар ассоциацияси (International Association of Law Schools – IALS) ва Европа ҳуқуқ факультетлари ассоциацияси (European Law Faculties Association – ELFA) тўлақонли аъзолигига қабул қилинди.

Халқаро юридик университетлар ассоциацияси жаҳондаги университетларни бирлаштирувчи ва уларнинг манфаатларини ифодаловчи етакчи халқаро ташкилот ҳисобланади. Ушбу ассоциацияга дунёнинг 130 мамлакатидаги 650 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари аъзо бўлиб, ЮНEСКОнинг расмий ҳамкори саналади. Қайд этиш жоизки, Тошкент давлат юридик университети Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим муассасалари орасида ушбу ташкилот аъзолигига қабул қилинган ягона университетдир.

Халқаро юридик мактаблар ассоциацияси дунёнинг 55 мамлакатидан 155 дан ортиқ юридик олий таълим муассасалари ва 7500 ҳуқуқ мактабларини (факультетлар) ўзида жамлаган ташкилот ҳисобланади. Ассоциациянинг бош вазифаси дунёда юридик мактаблар фаолиятини такомиллаштириш ва юридик таълим тизимини яхшилашдан иборат. Ташкилот жаҳон бўйлаб, 4 500 дан ортиқ ҳуқуқ соҳасида фаолият юритувчи педагогларнинг манфаатларини ҳимоя қилади.

Халқаро юридик мактаблар ассоциацияси (International Association of Law Schools) аъзолари умумий йиғилишларда юридик таълимнинг глобал миқёсдаги мақсадлари ва стратегияси белгилаб олинади. Бундай биринчи йиғилиш 2000 йилда Италиянинг Флоренция шаҳрида бўлиб ўтган ва унда йигирма етти мамлакатдан 50 нафар таклиф этилган юрист ўқитувчилар иштирок этишган. Ушбу учрашув халқаро ҳуқуқ ўқитувчиларининг қўшимча йиғилишларига сабаб бўлди ва 2004 йил май ойида Гавайидаги учрашувда қирқ етти мамлакатдан келган 130 нафар ўқитувчилар бир овоздан Халқаро ҳуқуқ мактаблари ассоциациясини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдилар.

Ассоциациянинг асосий фаолияти юридик таълимни ислоҳ қилиш жараёнини мувофиқлаштириш, янги стандартни ишлаб чиқиш, университетлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳуқуқшунослар учун иш берувчи ҳисобланган ташкилотлар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат. Шунингдек, Халқаро ҳуқуқ мактаблари ассоциациясининг ғояси трансмиллий ҳуқуқий тизимлардаги нормаларнинг ўзаро боғлиқлиги тобора кучайиб бораётганини тан олган дунёнинг турли мамлакатларидаги ҳуқуқшунос ўқитувчиларнинг бир неча учрашувларидан келиб чиқади.

Европа юридик факультетлар ассоциацияси доирасидаги ҳамкорлик Тошкент давлат юридик университетига илмий ва илмий-тадқиқот йўналишида ҳам қатор имкониятларни тақдим этиши кутилмоқда. Ҳозир университетда чоп этиладиган журналларнинг халқаро миқёсдаги мавқеини кўтариш мақсадида уларни етакчи илмий базалар (РИНС, DOI, Scopus)га босқичма-босқич киритиш, келажакда ушбу журналларнинг алоҳида сонларини хорижий давлатлардаги нуфузли илмий юридик журналлар билан ҳамкорликда нашр эттириш бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Ушбу ассоциацияларга аъзолик Тошкент давлат юридик университетида юридик таълим ва фанни халқаро даражага олиб чиқиш, жаҳоннинг илғор тажрибаларини қўллаш, Европа кредит тизимини (European Credit Transfer and Accumulation System – ECTS) самарали жорий этиш, ўқув дастурларини такомиллаштириш, илмий-инновацион тадқиқотларни фаоллаштириш имконини яратади, шунингдек университетни дунёнинг энг яхши университетлар халқаро рейтингига киришига хизмат қилади.

Ассоциация ўзининг фаолияти давомида «Глобал стандартлар ва ҳуқуқий таълимнинг натижалари тўғрисида»ги Цингапур декларацияси, «Ҳуқуқий таълимни баҳолаш тамойиллари тўғрисида»ги Мадрид протоколи, «Ҳуқуқий таълим бўйича суд стандартлари» каби энг долзарб ҳужжатларни қабул қилган.

Бундан ташқари, 2020 йил 4 март куни Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференциясининг навбатдаги мажлиси доирасида Тошкент давлат юридик университети ва Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик келишувини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси 1983 йилда халқаро хусусий ҳуқуқ нормаларини унификациясини таъминлаш мақсадида ташкил этилган халқаро ташкилот ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, айнан шу куни Ўзбекистон Республикаси ҳам ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинди ҳамда ТДЮУ мазкур нуфузли халқаро ташкилот билан ҳамкорлик келишувини имзолаган дунёдаги ўн еттинчи университет бўлди.

Имзоланган келишув доирасида тарафлар ўқитувчи, докторант ва талабаларни мазкур ташкилотга стажировкага юбориш, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар ўтказиш, ТДЮУга халқаро экспертларни жалб этиш, қўшма тадбирлар ўтказиш, биргаликда халқаро ҳужжатларни таҳлил қилиш ва халқаро хусусий ҳуқуқни бирхиллаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олишди. Таъкидлаш жоизки ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори мазкур ҳамкорликни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни амалга оширади.

ТДЮУ хорижий мамлакатлар билан алоқаларини йўлга қўйиш борасида ҳам сезиларли ютуқларга эришган бўлиб, жумладан, яқин йиллар ичида дунёнинг машҳур университетлари билан таълим соҳасида икки томонлама алоқаларни ўрнатиш, мавжудларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш мақсадида узлуксиз равишда музокаралар ўтказиб келинди. Бунинг натижаси ўлароқ, айни пайтга келиб Тошкент давлат юридик университети ҳамда 40 га яқин хорижий университет, халқаро ташкилот ва марказлар ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Ушбу ҳамкор университетлар ичида АҚШ, Германия, Буюк Британия, Япония, Россия, Хитой каби таълим соҳасида бир неча ютуқларга эришган давлатлар олий таълим муассасаларининг ҳам мавжудлигини таъкидлаб ўтиш лозим.

Тошкент давлат юридик университетининг узоқ йиллик ҳамкори ҳисобланган Нагоя университети билан ўзаро келишувларга биноан университетда Япон ҳуқуқини тадқиқ қилиш маркази 2005 йилнинг сентябрь ойидан буён фаолият юритиб келмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, ҳозирга қадар ТДЮУнинг 60 дан ортиқ талабаси марказда ўқиш якунида диплом олди, уларнинг 30га яқини кейинги таҳсилни Япониянинг етакчи университетларида магистратура ва докторантура босқичларида грант асосида давом эттириш имкониятига эга бўлди.

Бундан ташқари, меморандум асосида Тошкент давлат юридик университетида «Немис ҳуқуқи ва қиёсий ҳуқуқшунослик» марказини ташкил этиш назарда тутилган. Ушбу марказда Германиялик олимлар томонидан талабаларга 2 йил давомида немис тили ва ҳуқуқини ўргатиш ҳамда бир вақтнинг ўзида Германиянинг Регенсбург университети дипломини олиш имкониятини яратиш режалаштирилмоқда. Қолаверса, Буюк Британия ва Хитой Халқ Республикаси олий таълим муассасалари билан инглиз ва Хитой ҳуқуқини ўрганиш марказларини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Тошкент давлат юридик университетида ўқув, илмий, илмий-тадқиқот ҳамда турли ташкилий масалаларда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва такомиллаштириш ўз навбатида юридик таълим ва фанни халқаро даражага олиб чиқиш, жаҳоннинг илғор тажрибаларини қўллаш, Европа кредит тизимини самарали жорий этиш, профессор-ўқитувчи ва талабаларнинг алмашинув дастурларида фаол қатнашиш, халқаро илмий-инновацион тадқиқотларни олиб боришни шакллантириш имконини яратади, шунингдек, университетни дунёнинг энг яхши университетлари қаторида эътироф этилишига хизмат қилади.

Ш.Сайдуллаев,
Тошкент давлат юридик университети декани