French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юридик соҳада иқтидорли ўқувчи ва ўқитувчилар аниқланди
09:11 / 2023-04-07

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумлари ўқувчилари ўртасида “Энг иқтидорли ўқувчи” танлови, шунингдек юридик техникумлар ва Тошкент давлат юридик университети қошидаги М.Восиқова номли академик лицей ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

“Энг иқтидорли ўқувчи” ҳамда “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” номинацияси бўйича танловларнинг ҳудудий босқичларида юқори натижаларни қайд этган ва ҳудудий танлов ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосаларига кўра тавсия этилган иштирокчилар танловнинг республика босқичида қизғин баҳсларга киришди.   

Танловларни Адлия вазирлигининг Юридик таълим ва суд-экспертиза бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов очиб берди.    

Ўқувчилар бўйича танловнинг республика босқичи 4 та шарт асосида олиб борилди. Ушбу танлов давомида иштирокчилар таништирув, муаммоли вазиятга ечим топиш, тақдим этилган ҳужжатлар таҳлили ва хорижий тилларни билиш даражаси бўйича баҳоланди.  

Юридик техникумлар ва академик лицейдан сараланган педагоглар орасида кечган қизғин баҳслар, ўқитувчи томонидан бажарилган ишлар, ўқитувчининг ҳуқуқий билимлари, педагогик салоҳияти, нотиқлик маҳоратини намоён этувчи тақдимот ҳамда ҳуқуқий муаммога ўқитувчининг таклифи сингари мезонлардан иборат шартлар асосида олиб борилди.  

Мазкур танловлар иштирокчилари холислик, шаффофлик ва адолат тамойилларига таянган ҳолда Ҳакамлар ҳайъатлари томонидан баҳоланди. 

Тадбир сўнгида якуний натижаларга кўра, ҳар иккала танловда юқори кўрсаткичларни қайд этган иштирокчилар Адлия вазирлигининг махсус дипломлари, пул мукофотлари ҳамда эсдалик совғалари билан, шунингдек, учта номинациялар бўйича муносиб тарзда тақдирланди.  

Жумладан: 

“Энг иқтидорли ўқувчи” танлови бўйича Тошкент шаҳар юридик техникуми ўқувчиси Моҳира Маткаримова 1-даражали диплом ҳамда Адлия вазирлигининг 3 000 000 сўм пул мукофоти билан тақдирланди. 

Сурхондарё вилояти юридик техникуми ўқувчиси Дилдора Панжиевага иккинчи ўрин насиб этди ҳамда Адлия вазирлигининг 2 400 000 сўм пул мукофоти топширилди. Хоразм вилояти юридик техникуми ўқувчиси Ирода  Озодова 3-даражали диплом ҳамда Адлия вазирлигининг 1 500 000 сўм пул мукофотига эга чиқди.  

Шунингдек, “Энг илғор ўқувчи” номинацияси бўйича – Андижон вилояти юридик техникуми ўқувчиси Ойдиной Фароҳиддинова,  “Энг зукко ўқувчи” номинацияси бўйича – Жиззах вилояти юридик техникуми ўқувчиси Дилноза  Эргашева,  “Энг ташаббускор ўқувчи” номинацияси бўйича – Қашқадарё вилояти юридик техникуми ўқувчиси Баркамол Нусратиллаев ғолиб бўлди.  

“Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” танлови бўйича Наманган вилояти юридик техникуми ўқитувчиси Феруза Усмонова 1-даражали диплом ҳамда Адлия вазирлигининг 10 000 000 сўм пул мукофоти билан тақдирланди. 

Хоразм вилояти юридик техникуми ўқитувчиси Ирода Жуманиёзова 2-даражали диплом ҳамда Адлия вазирлигининг 7 500 000 сўм пул мукофотига эга бўлди.  Сирдарё вилояти юридик техникуми ўқитувчиси Шерзод  Йўлдошев  3-даражали диплом ҳамда Адлия вазирлигининг 5 000 000 сўм пул мукофоти билан тақдирланди.  

Танловлардаги фаол иштироки учун барча қатнашчилар Адлия вазирлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан  тақдирланди.  

 

ЎзА