Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юридик клиника томонидан 6 минг нафардан зиёд фуқарога ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган
10:29 / 2022-10-05

Тошкент давлат юридик университетининг Юридик клиникаси университетнинг таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, клиника талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш, уларда амалий кўникмаларни ривожлантириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга беғараз юридик маслаҳатлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятни олиб боради.

Хусусан, 2021 йилнинг сентябридан 2022 йилнинг шу кунигача 6 минг нафардан ортиқ фуқарога ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Хўш, улар фуқароларнинг қандай муаммоларига ечим топди? Клиниканинг асосий вазифалари нималардан иборат? Бу борадаги саволларга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси раҳбари Отабек Нарзиев жавоб берди. 

– Бу даврда мурожаат қилган фуқароларнинг оила ҳуқуқи,  меҳнат ҳуқуқи,  уй-жой ҳуқуқи, тадбиркорлик ва бизнес ҳуқуқи, жиноят ва маъмурий ҳуқуқ, фуқаролик ҳуқуқи ва  бошқа ҳуқуқий масалаларга тегишли мурожаатлари ўрганиб чиқилиб, уларга тегишли маслаҳатлар берилди. Клиниканинг асосий мақсад ва вазифалари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адвокатура ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлигини таьминлашдан иборат.  

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга беғараз юридик ёрдам кўрсатиш, талабаларнинг юридик соҳадаги профессионал тайёргарлик даражасини ошириш, Жисмоний ва юридик шахсларнинг юридик маслаҳат олиш тўғрисидаги мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқилишини таьминлаш ҳамда юридик ва жисмоний шахслар учун сайёр ҳуқуқий маслаҳатлар ташкил қилиш орқали юридик ёрдам кўрсатиш қамровини кенгайтириш каби масалалар ҳам Юридик клиника вазифаларига киради. 

Юридик клиника қошида “Street Law” лойиҳаси ҳам амалга ошириб келинаётган бўлиб, жорий йилнинг январь-март ойлари давомида бу лойиҳада Тошкент давлат юридик университетининг 88 нафар волонтёр-талабалари иштирок этди. Уларга университетнинг 23 нафар волонтёр профессор-ўқитувчилари менторлик қилди. Ушбу давр оралиғида Тошкент шаҳрининг турли туманларида жойлашган 18 та мактаб ва ТДЮУ қошидаги академик лицейда 933 нафар ўқувчи учун 93 та лойиҳа дарслари ўтказилди. 

Мазкур лойиҳа республикадаги 143 та мактабда жорий этилди ва жами 5470 нафар мактаб ўқувчилари қамраб олинди. Мактаб ўқувчилари учун жами 633 та лойиҳа дарслари ўтказилди. Лойиҳада жами 900 нафар волонтёр, шу жумладан 182 нафар волонтёр-ўқитувчи ҳамда 718 нафар волонтёр-талаба (ўқувчилар) иштирок этди.

“Street Law” лойиҳаси Тошкент давлат юридик университети томонидан Тошкент шаҳрида ва унинг услубий кўмаги остида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардаги юридик техникумлар томонидан тегишли ҳудудларда амалга ошириб келинмоқда. Лойиҳа дарсларининг контенти ва иш услуби, волонтёрларни лойиҳага тайёрлашга қаратилган тренинглар пировард натижада лойиҳа дарсларини мактабларнинг 7-10-синф ўқувчиларидан иборат аудиторияси учун ўтказишга мўлжалланган. 

Шунга асосан, ҳозирда “Street Law” лойиҳасини мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари ва мактабгача таълим муассасаларида жорий этиш, болалар учун ҳуқуқнинг илк тушунчаларини ҳамда одоб-аҳлоқнинг оддий ва кундалик қоидаларини ўргатиш учун бундай ёшдаги шахсларнинг психологияси билан ишлаш бўйича алоҳида мутахассислар керак. Ҳозирда Тошкент давлат юридик университетида бундай мутахассислар мавжуд эмас. 

Шунингдек, ушбу лойиҳани жорий этиш учун кичик ёшдаги болаларнинг психологияси инобатга олинган алоҳида дастур ишлаб чиқиш, шунга мувофиқ волонтёрлар учун тренинг контентларини шакллантириш ва тренинглар махсус мутахассислар томонидан ўтказилиши зарур. 

Бу борада “Kids Law” лойиҳасини жорий этиш мақсадга мувофиқ. 

Шунингдек, юридик клиник таълимни ривожлантириш борасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Россия, АҚШ, Нидерландия ва Буюк Британиядаги ҳамкорлар билан ўзаро англашув меморандумлари тузиш борасида музокаралар олиб борилмоқда. 

 

Гулноза Бобоева, ЎзА