Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЮРИДИК КЛИНИКА: никоҳни бекор қилиш билан боғлиқ такрор аризага давлат божи ундириладими?
17:12 / 2021-01-29

САВОЛ: – Никоҳни бекор қилиш ҳақидаги даво аризаларини кўриб чиқиш учун агар бундан олдин аризани қаноатлантириш рад этилган бўлса, яна қайтадан давлат божи тўланадими?

ЖАВОБ: – Ҳа, тўланади. Олдинги аризангизни қаноатлантириш рад этилганлиги туфайли сизнинг аризангизни кўриб чиқиш қайтадан юборилган, деб ҳисобланади. Бу ҳолда сиз яна давлат божини тўлашингиз керак бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 42-моддасига мувофиқ, вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажрашишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига кўра, ФҲДЁ органлари фуқаролардан вояга етмаган фарзандлари йўқлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сўраши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг "Давлат божи тўғрисида"ги қонунига кўра, вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотинларнинг ўзаро розилиги бўйича ФҲДЁ органлари томонидан ажралиши учун БҲМнинг 1,5 дан 3 бараваригача, яъни 334 минг 500 сўмдан 669 минг сўмгача, эр-хотиннинг биридан ёки иккаласидан олинади.

Никоҳни бекор қилиш ҳақидаги даъво аризаларини судда кўриб чиқиш учун БҲМнинг 2 баравари миқдорида, яъни 446 минг сўм давлат божи ундирилади.

Суд қандай асосларга кўра ажрашиш тўғрисидаги аризани қондиришни рад этиши мумкин?

Оила кодексининг 41-моддасига кўра, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ, деб топса, уларни никоҳдан ажратади. Никоҳдан ажратишга асослар бўлмаганда, суд даъвони рад этади.

Бундан ташқари, хотиннинг никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга розилиги бўлмаган ҳолларда, судья даъво аризасини қабул қилишни рад этади. Оила кодекси 40-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, суд эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Эр-хотинни яраштириш мақсадида олти ойлик муҳлат ичида ишнинг кўрилиши бир неча марта кейинга қолдирилиши мумкин.

ТДЮУнинг “Юридик клиника”си талабалари томонидан ўқитувчилар назорати остида тайёрланди

 

ЎзА