2021 йил 6 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг “Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.
Миллий матбуот марказида мазкур қарор мазмуни ва ижроси бўйича матбуот анжумани ташкил этилди.
Адлия вазирлиги ва Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази масъул ходимлари иштирок этган тадбирда қарор билан амалга ошириладиган ўзгаришлар хусусида сўз юритилди.
Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги қарори билан Тошкент давлат юридик университети ҳузурида Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази ташкил этилган.
Ҳукумат қарори билан юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш тизими такомиллаштирилмоқда. Юридик таълим олишга кенг имконият яратиш, соҳага замонавий ахборот коммуникация технологиялари ва халқаро стандартларни жорий этиш, шунингдек, долзарб ҳуқуқий масалалар юзасидан курслар ташкил этилмоқда.
Марказга қўшимча вазифалар юклатилди. Хусусан, халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган, олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрлар қайта тайёрланади. Интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади. Низоларни судгача ҳал қилиш механизми сифатида медиация институтида самарали фаолият олиб борадиган медиаторларни тайёрлаш курслари ташкил этилади. Ёш адвокатларни танлов асосида давлат грантлари ҳисобидан хорижий юридик компанияларига стажировкага юбориш ташкил этилади.
Қарорга кўра, 2030 йил 1 январдан халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан фақат олий юридик маълумотга эга бўлган ёки Марказда педагогик қайта тайёрлаш курсларини тугатган ва белгиланган намунадаги дипломни олган олий маълумотли шахслар дарс бериш ҳуқуқига эга бўлади.
Курсларни муваффақиятли тугатиб, диплом олган шахслар давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати билан бир қаторда ФҲДЁ органларида ишлаши мумкин.
Курсларда ўқиш харажатлари ТДЮУ кенгаши томонидан белгиланади ҳамда шартномага мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Мазкур курсларда ўқиш иккинчи олий маълумот олиш ҳисобланмайди.
Матбуот анжуманида масофавий таълим шаклида ташкил этиладиган курсларга қабул жорий йилнинг 26 апрелидан 26 май кунига қадар Марказнинг расмий сайти (сentertsul.uz) орқали фақат электрон шаклда амалга оширилиши айтиб ўтилди.
ЎзА