Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юридик кадрлар тайёрлаш тизими халқаро талаблар даражасига кўтарилади
16:17 / 2020-04-30

Ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг тараққиёти юқори малакали, жаҳон стандартларига жавоб берадиган юридик кадрлар таркиби ва сифатига бевосита боғлиқдир.


Ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг тараққиёти юқори малакали, жаҳон стандартларига жавоб берадиган юридик кадрлар таркиби ва сифатига бевосита боғлиқдир. Юксак малакали юридик кадрларни тайёрлаш ўзига хос, мураккаб жараёндир. Зеро, айнан юридик кадрлар мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлашда, унинг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим ўрин тутади.

Шу боис ҳам, Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 29 апрелда “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармоннинг қабул қилиниши, том маънода юртимизда юридик кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришнинг янги даврини бошлаб берди, десак айни ҳақиқатдир.

Юридик таълим ва фан олдида турган тизимли муаммолар

Тан олиб айтишимиз керакки, юридик таълим соҳасида йиллар давомида бир қанча тизимли муаммолар тўпланиб қолган эди. Олий маълумотли ҳуқуқшунос кадрларни тайёрловчи олийгоҳнинг фақат марказда жойлашганлиги, бу борада соғлом рақобатнинг вужудга келишига тўсқинлик қилиб келаётган эди. Шунингдек, ҳуқуқшунос бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган турли ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшларимиз учун ҳам тенг таълим олиш имкониятини чеклаб келаётган эди.

Шунингдек, ҳуқуқнинг турли йўналишлари бўйича илмий изланишлар олиб борилаётганлигига қарамасдан, уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш талаб даражасида эмаслиги, замон талабларидан келиб чиққан ҳолда ўқув дастурларини қайта кўриб чиқишга етарли эътибор қаратилмаганлиги, юридик таълим сифати ва илмий салоҳиятнинг пасайишига сабаб бўлган.

Устувор йўналишлари белгилаб берилди

Фармон билан, юқори малакали, ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрлар тайёрлаш;

- талабалар билимини баҳолаш усулларини такомиллаштириш;

- клиник юридик таълимни ривожлантириш;

- ривожланган хорижий давлатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасалари билан ҳамкорликни фаоллаштириш;

- давлат ва ҳуқуқ соҳасида илмий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш;

- очиқ, шаффоф, субъективлик ва суиистеъмолчиликлардан холи бўлган таълим муҳитини яратиш каби юридик таълим ва фанни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Ўқув жараёни сифатини ошириш энг муҳим ҳаётий мезон

Фармон билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да ўқув жараёнини бугунги кун талаблари ва халқаро стандартлар асосида тайёрлаш бўйича муҳим вазифалар белгиланди. Хусусан, талабаларда таҳлилий фикрлаш, янги билимларни мустақил равишда эгаллаш ва улардан фойдаланиш кўникмасини шакллантиришни таъминлайдиган ўқитишнинг замонавий шакл ва методлари, педагогик, ахборот-коммуникация, инновацион технологиялар асосида ташкил этиш назарда тутилди.

Энг илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси ва халқаро рейтингда нуфузли ўринларни эгаллаб турган олий таълим муассасалари амалиётидан келиб чиқиб ўқув режалари ва дастурлари қайтадан кўриб чиқилади. Бунда талабаларнинг асосий эътиборини касбий фаолиятга йўналтиришга асосий эътибор қаратилади.

Айни дамда, ўқув жараёнини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида “Электрон университет” лойиҳасини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Бунда талабаларнинг ёзма ишларини қабул қилиш, уларни шифрлаш, текшириш, баҳолаш ва натижаларни умумлаштириш, дарс жадваллари, талабалар ва педагог ходимлар фаолияти ҳақидаги маълумотларни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш бўйича кенг кўламли ишлар йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, аксарият хорижий нуфузли олий ўқув юртларида амалда бўлган Европа кредит тизими ECTS (European Credit Transfer and Accumulation System)ни жорий этилади. Мазкур тизимнинг ижобий жиҳати шундаки, талаба ҳар бир фан бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи муайян кредит (балл) тўплаш орқали амалга оширилади, шунингдек, талаба ўқишини бир олий таълим муассасасидан бошқа бирига ўтказишда ҳам кенг қулайликлар яратади.

Бу орқали давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва фан дастурлари кредит тизимига мос ҳолда қайта кўриб чиқилади.

Янги дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг тайёрланиши, хорижий давлатлар университетларида тайёрланган дарсликларнинг таржима қилиниши учун зарур шароитлар яратилади.

Илғор хорижий тажриба асосида амалиётга йўналтирилган дарс машғулотларини ўтказиш учун Коворкинг маркази ҳамда юриспруденцияда янги ахборот коммуникация технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш учун Legal Tech лабораториясини ташкил қилинади.

Коррупцияга қарши курашишга қатъий киришилади

Ҳуқуқшунос кадрлар тайёрловчи таълим муассасаларида коррупция фактлари ҳақидаги маълумотларни қабул қилиш бўйича қайта алоқа тизимини яратилади.

Тизимли асосда талабалар ўртасида коррупция масалалари бўйича турли шаклдаги сўровлар ўтказиб борилади ҳамда уларнинг натижалари бўйича тегишли хулосалар чиқарилиб, амалий чоралар кўрилади.

Имтиҳон жараёнларига оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этиш каби усулларни қўллаш орқали жамоатчилик назоратининг турли механизмлари жорий этилади.

Шунингдек, университет раҳбарияти ва бошқа ваколатли органларининг талабалар ва ходимлар ҳуқуқларига тааллуқли барча қарорлари муҳокамасида иштирок этиш орқали университет раҳбарияти ва масъул шахслари ўртасида вужудга келадиган низоли вазиятларни ҳал этишга тезкор равишда кўмаклашадиган ТДЮУ омбудсмани институтини (университет омбудсмани офиси) жорий этилади.

Замонавий АКТ имкониятлари кенг татбиқ этилади

Университетда халқаро грантларни жалб этилган ҳолда, ўқув жараёнини тўлиқ рақамлаштиришни назарда тутадиган “Электрон университет” лойиҳаси жорий этилади. Лойиҳа ёзма ишларни қабул қилиш, шифрлаш, текшириш учун юбориш, баҳолаш ва натижаларни умумлаштириш, дарс жадвалларини шакллантириш, талабалар ва педагог ходимлар портфолиосини шакллантиришни тўлиқ электронлаштиради.

Aхборот-ресурс маркази фаолиятида фойдаланувчиларга кенг қамровли электрон хизматларни тақдим этадиган замонавий автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этилади.

Илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини оширишга жиддий киришилади

Илмий-тадқиқот тадқиқотларнинг оммабоплиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида “TSUL Legal Report” электрон журналини ташкил қилиш ва унинг халқаро маълумотлар (РИНЦ, E-library, DOI, CrossRef, Web of Science, Scopus) базаларига киритиш режалаштирилган.

Кафедралар ихтисослиги бўйича талабалар ва ёш олимларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш мақсадида илмий мактаб ва тўгараклар, шунингдек “Ёш олимлар клуби” (Young Scholars Club) ташкил этилади ҳамда кейинчалик энг иқтидорли ёш олимларни хорижий давлатларга ўқишга ва стажировкага юбориш тизими шакллантирилади.

ТДЮУ журналларининг халқаро миқёсдаги мавқеини кўтариш мақсадида уларни етакчи илмий базалар (РИНЦ, DOI, Scopus)га босқичма-босқич киритиш, шунингдек, журналларнинг алоҳида сонларини хорижий давлатлардаги нуфузли илмий юридик журналлар билан ҳамкорликда нашр эттириш тизими йўлга қўйилади.

Халқаро ҳамкорлик алоқалари кенгаяди

Бугунги кунда ТДЮУ да 27 та хорижий олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари ҳамда 4 та халқаро ва хорижий ташкилотлар билан халқаро ҳамкорлик доирасида изчил алоқа ўрнатилган.

Шу билан биргаликда, чет эл ҳуқуқини ўрганиш марказларини ташкил этиш мақсадида Буюк Британия, Франция, Хитой Халқ Республикаси ва бошқа ривожланган хорижий давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйилади.

2021 йилда қатор халқаро халқаро ассоциацияларга, шу жумладан Университетлар буюк хартияси, Университетлар халқаро ассоциацияси, Юридик мактаблар халқаро ассоциацияси, Европа университетлари ассоциацияларига аъзо бўлиш режалаштирилган.

Шунингдек, “Икки томонлама диплом” тақдим этишни назарда тутувчи қўшма таълим дастурлари (double degree)ни жорий этиш, хорижий олий таълим муассасаларига докторантурага юбориш, шунингдек етакчи чет эл мутахассисларини ТДЮУда ўтказиладиган ўқув ва илмий тадбирларга жалб этиш орқали халқаро ҳамкорликни кенгайтириш университет олдида турган энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади.

Маънавий-маърифий фаолиятни ривожлантиришнинг илғор усуллари ҳаётга татбиқ этилади

Талабалар билан тарбиявий ишларда эскирган кураторлик институтидан воз кечиш ва инновацион талабларга жавоб берадиган “тьюторлик” институтини жорий этишни назарда тутган ҳолда тарбиявий ишларни такомиллаштирилади.

Шунингдек, университетнинг бой тарихини ўзида акс эттириш, юридик таълим соҳасидаги тарихий мерос, асосий қадриятлар ва ютуқларни сақлаш, тарғиб қилиш ва намойиш этишга қаратилган ТДЮУ музейини яратилади.

Чет эллик сайёҳларни жалб қилиш ва дунё ҳамжамиятида ТДЮУга қизиқишни ошириш учун концептуал янги ижтимоий йўналиш “Student Ambassadors” ташкил қилиш орқали миллий юридик таълимнинг жозибадорлигини оширилади.

Келгуси йилдан бошлаб, Ўзбекистондаги юридик таълим жозибадорлигини ошириш мақсадида ҳар йили Марказий Осиё давлатлари юридик олий таълим муассасалари талабаларининг “Central Asia Law Congress” юридик конгрессини Тошкент шаҳрида ташкил этиш ва ўтказиш тизими ва анъанаси йўлга қўйилади.

Сўнгсўз ўрнида

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда илм-фан ва таълим тизимда амалга оширилаётган, таъбир жоиз бўлса, “инқилобий” ўзгаришлар эришилаётган ютуқларни ҳар тарафлама таҳлил қилиб, ислоҳотларнинг янги босқичига қадам қўяр эканмиз, ёшларимизнинг малакали кадрлар бўлиб жамиятга етказиш энг тўғри йўл эканлигини кўрсатмоқда.

Президентимиз Ш. Мирзиёев томонидан белгилаб берилган миллий тараққиётимизнинг энг муҳим ва устувор йўналишларини ўзида акс эттирган вазифаларни бажаришга қаратилган саъй-ҳаракатлар, барча илмий ҳамжамият, таълим тизими ходимларидан юксак масъулият юклайди.

Юқоридаги Фармон ижросини таъминлаш йўлида, юридик кадрлар тайёрлаш тизимига янги мазмун ҳамда ишонч бахш этадиган саъй-ҳаракатлар янги кўлам ва босқичларда давом этишига асло шубҳа йўқ. Биз ушбу ислоҳотларнинг том маънодаги ташаббускори ва мададкори бўлиш учун бор салоҳиятимизни ишга солган ҳолда, ўз фаолиятимизни такомиллаштириб борамиз.

Яқин даврда мамлакатимиз раҳбарининг таълим соҳасига бераётган эътибори ва ғамхўрлиги натижасида юридик кадрларни тайёрлашнинг миллий тизими жаҳон андозаларига тўла мос тизимга айланади. Ҳуқуқшунос кадрларнинг янги авлоди давлатимиз раҳбари бошлаб берган, халқимиз танлаган тараққиёт йўлининг ҳуқуқий асосларини яратишда муносиб ҳисса қўшадилар.

Ихтиёр Беков,
Тошкент давлат юридик университети доценти