Мамлакатимиз юридик фан соҳасининг етук ва ардоқли вакили, юридик фанлари доктори, профессор Адик Александрович Ли 80 ёшга тўлди.
А.Ли юридик фаннинг турли йўналишлари, айниқса “Молия ҳуқуқи”, “Банк ҳуқуқи”, “Солиқ ҳуқуқи” ва “Давлат хизмати” соҳаларини илмий-амалий жиҳатдан ривожлантиришда улкан ҳисса қўшган, кўп йиллик фаолияти давомида ўнлаб илмий нашрлар, дарслик ва ўқув қўлланмалар муаллифи сифатида танилган салоҳиятли олимдир.
Хусусан, у 10 га яқин дарслик, 10 та ўқув қўлланма, 100 дан ортиқ илмий мақолаларнинг муаллифи ҳисобланади. Унинг “Банк ҳуқуқи”, “Банковское право”, “Молия ҳуқуқи”, “Финансовое право”, “Государственная служба”, “Проблемы финансового законодательства” ва “Проблемы регулирование государсвенной службы” каби илмий ва ўқув асарлари Ўзбекистонда таҳсил олаётган барча ҳуқуқшунос талабаларни тайёрлашда фойдаланиб келинмоқда.
Профессор Адик Ли 50 йилдан зиёд вақт мобайнида олий таълим тизимида самарали фаолият юритиб келмоқда. Унинг илмий тадқиқотлари асосан давлат молияси, бюджет тизими, солиқ ҳуқуқи ва давлат хизмати соҳаларидаги ҳуқуқий муносабатларни қамраб олган бўлиб, мазкур йўналишлардаги ҳуқуқий базанинг такомиллашуви, қонун ҳужжатларининг таҳлилий шарҳи ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида муҳим аҳамият касб этади.
У кишининг илмий мероси нафақат республикамизда, балки халқаро миқёсда ҳам тан олинган. Жумладан Японияда бўлиб ўтган Осиё мамлакатлари “Маъмурий ҳуқуқ ассоциацияси”нинг халқаро форумидаги Ўзбекистон юридик фан вакили сифатидаги чиқиши юқори эътирофга сазовор бўлган. Профессорнинг ишлари республикамизда ўтказилган кўплаб конференция ва илмий форумларда тақдим этилиб, ҳуқуқшунос олимлар ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланган.
Профессор Лининг етук ҳуқуқшуносларни тарбиялашдаги педагогик фаолияти ва давлатимизнинг ривожланишига қўшган салмоқли ҳиссаси республикамиз раҳбарияти томонидан кўп маротаба эътироф этилган бўлиб, у “Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигига 20 йил”, “Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигига 25 йил”, “Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигига 30 йил” ва I-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Айни пайтда профессор Адик Ли Тошкент давлат юридик университети Маъмурий ва молия ҳуқуқи кафедрасида фаолият юритмоқда. У кафедранинг илмий ва таълим салоҳиятини юксалтириш, ўқув жараёнларини такомиллаштириш, замонавий таълим технологияларини жорий этишда фаол иштирок этмоқда. Унинг илмий раҳбарлигида бугунги кунгача кафедра аъзоларидан 5 нафари бевосита фан номзодлиги ва фан докторлиги диссертацияларини ҳимоя қилган. Бундан ташқари 10 дан ошиқ кафедра профессор-ўқитувчиларининг доцент ва профессор илмий унвонларини олишда ўзининг беғараз ва самимий ёрдамларини кўрсатган.
У кишининг ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш борасидаги хизматлари беқиёс. Профессор Адик Ли талабаларга ҳуқуқий фаннинг назарий асосларини тушунтириш билан бирга, уларда танқидий фикрлаш, ҳуқуқий таҳлил ва мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришга катта эътибор қаратади. У ўзининг педагогик фаолиятида 100 нафардан ортиқ магистр ва бакалаврларга илмий раҳбарлик қилиб, уларнинг илмий ишларини муносиб ҳимоя қилишларига ўз хиссасини қўшган.
Профессор Адик Ли жамоада ҳурматга сазовор устоз сифатида танилган. У кўплаб ёш тадқиқотчи ва ўқитувчиларнинг илмий йўналишларини аниқлашда, илмий методологияни танлашда ва уларнинг тадқиқотларини муваффақиятли амалга оширишда маслаҳатчи ва йўл-йўриқ кўрсатувчи сифатида муносиб ўрин тутади. Кафедра раҳбарияти билан яқин ҳамкорликда ишлаб, муҳим ташкилий ва илмий масалаларда ўзининг бой тажрибаси ва билимлари билан кўмаклашиб келмоқда.
80 ёш – бу фақатгина биологик ёш эмас, балки илмий-маънавий камолот, педагогик ва ижтимоий фаолиятдаги юксак натижалар давридир. Профессор Адик Лининг ҳаёти – бу фидойилик, тинимсиз изланиш ва жамиятга хизмат қилиш рамзидир.
Сардорбек Юсупов,
ТДЮУ “Маъмурий ва молия ҳуқуқи” кафедраси мудири
Шерзод Жўраев,
“Маъмурий ва молия ҳуқуқи” кафедраси доценти