Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юракни мадҳ этган садо!
19:28 / 2024-12-10

Мадҳия – қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур, ўзига хос фахр, муҳими юртга меҳр уйғотади. Янги кунга, истиқлолга ва бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик, келажакка қатъий ишонч туйғуси мужассам унда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганлигининг ўттиз икки йиллиги Наманган вилоятида байрамона руҳда нишонланмоқда.

Вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтган “Юракни мадҳ этган садо!” шиори остидаги тантанали тадбирда меҳнат фахрийлари, байналмилал жангчилар, талаба-ёшлар, олимлар, шоир-ёзувчилар, маънавият ва маърифат тарғиботчилари, таълим соҳаси мутасаддилари, ҳарбийлар, санъат ва спорт ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов йиғилганларни ушбу қутлуғ сана билан қутлаб, мамлакатимиз мадҳиясининг миллат маънавияти ва бирдамлигини мустаҳкамлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.

[gallery-20798]

Давлатимиз мадҳиясининг яратилиши тарихи, шунингдек, 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита ҳисобланади. Қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир, деб белгилаб қўйилган.

Дарҳақиқат, мадҳия – миллий ғуруримиз, истиқлолимиз ва истиқболимиз тимсоли. Мустақиллик ва бирдамлигимиз рамзи. Мадҳияни тинглаганда ҳам, куйлаганда ҳам қалбларимизда Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғулари янада жўш уради, шу юртнинг фарзанди эканимиздан ифтихор туямиз.

Тантанали тадбирнинг барча иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясини жўр овозда куйлади.

Ёш ижрочилар, хонандалар ва вилоят театри санъаткорлари ижросидаги бадиий-мусиқали дастурда ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар барчага байрам кайфиятини улашди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА