Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоиримиз Абдулла Орипов қаламига мансуб сатрлар юртимизда яшаётган кекса-ю ёшга аллақачон ёд бўлиб кетган.
Мана йигирма тўққиз йилдирки, озод ва обод Ватанимизни мадҳ этувчи бу гўзал ашъор дилларни сурурга тўлдириб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Мадҳия – қалбида ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур, ўзига хос фахр, энг муҳими юртга меҳр уйғотади. Бу миллий тимсолда халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, шунингдек, зийнати, орзу-ўйи, маслак-мақсади мужассам.
Ўзбекистон давлат мадҳияси янграганда «Серқуёш» сўзи жаранглаши билан бутун вужудимизда ажиб энтикиш, дилимизда чексиз ифтихор туйғусини ҳис этамиз. Чунки унда юртимиз таровати, буюк келажак барпо этиш йўлида, янги Ўзбекистон ривожи учун фидокорона меҳнат қилаётган халқимизнинг орзу-интилишлари, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори, келажакка қатъий ишонч билан интилаётган ёшларимизнинг азму шижоати акс этган.
Ҳар тонгни мадҳиямиз садолари билан қарши оламиз. Қалбимизда янги кунга, истиқлолга ва бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик, келажакка қатъий ишонч туйғуси жўш уради.
Истиқлолимизни, юртимизнинг куч-қудрати, халқимизнинг ақл-заковати, аждодларимизнинг шон-шуҳрати ва авлодларимизнинг ёруғ келажагини шарафловчи бу тарона асрлар оша баралла янграйверсин. Шу билан бирга, жонажон Ўзбекистонимиздаги янгиланиш жараёнларига муносиб ҳисса қўшиш, истиқлол неъматларини кўз қорачиғидек авайлаш бизнинг муқаддас бурчимиздир.
Жамолиддин Узоқов,
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори