Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юракларга муҳрланган мадҳия
11:42 / 2020-12-09

Мадҳия – буюк қўшиқ. У Ўзбекистоннинг қайсидир маънода хориждаги ташриф қоғози. Фахру ифтихоримиз, ғуруримиз, мустақиллигимиз тимсолига айланган қўшиқ. Унинг матнини бир ўқишдаёқ, бир марта тинглашдаёқ ҳар қандай кишида она-диёримиз ҳақида аниқ, лўнда, тўлақонли, илиқ ва ҳаётий тушунча, тасаввур, таассурот уйғониши тайин. Унинг ҳар сатрида халқимизнинг эзгу орзулари, мақсад-муддаолари, пок интилишлари мужассамдир.

Асосий қонунимизнинг 5-моддасида Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга экани белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясининг матни ва мусиқаси Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 10 декабрдаги  «Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисида»ги тарихий  қонуни билан тасдиқланган.

Дарҳақиқат,  Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси Ватанимиз  суверенитетининг рамзи,   давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш эса ҳар бир фуқаромизнинг ватанпарварлик бурчидир.

Инсоннинг ўзи туғилиб ўсган заминга бўлган эътиқоди, муносабати, фаол позицияси айнан мадҳиямизга бўлган муносабат билан уйғундир. Мадҳия янграганида ҳар биримизни ҳаяжон қамраши, қалбимиз чексиз фахр, ғурурга тўлиши табиий.  

Сабаби мадҳия матнининг ғоят халқчил, содда, равон тилида бўлса, не ажаб. Зеро, ушбу матн муаллифи Ўзбекистон Қаҳрамони,  халқ шоири Абдулла Ориповнинг ўзи она Ватанни чексиз меҳр ва садоқат билан суйгани унинг мўъжизакор мисраларидан ҳам шундоққина сезилиб, балқиб туради.  

Мадҳиямиз мусиқасининг бу қадар таъсирчанлиги, сеҳри недан? Шўролар зуғумидан   яқин инсонлари, қадрдонлари қатағонга учраган Мутал Бурҳонов истиқлолнинг, ҳурриятнинг, озодликнинг қадр-қиммати нечоғли улуғ  эканини теран англаган. Айни дамда бу жиҳат  давлат мадҳиямизнинг устоз композитор яратган куйида яққол мужассамдир.

Манбалардан маълумки, давлат мадҳияси устида, унинг ҳар бир сўзи, оҳанги, уларнинг ўзаро уйғунлиги учун ушбу бебаҳо асар  муаллифлари - атоқли шоир Абдулла Орипов ҳамда устоз композитор Мутал Бурҳонов ҳамжиҳатликда заргарона, она Ўзбекистонимизга бўлган бор меҳри, муҳаббатини бағишлаб, астойдил меҳнат қилган.

Халқимиз орзуларини ўзида намоён этган мадҳиямиз ҳар тонг баралла янграйди. Мамлакатимиз тарихига муҳрланадиган воқеликларни, йирик тантаналарни бу қўшиқсиз тасаввур этиш мушкул. У халқаро мусобақалар аввалида спортчиларимиз руҳиятини кўтариб, юрагига, жисмига  куч-қувват  ато этса, чемпионатлардан сўнг ғолиб бўлган ўзбекистонликлар учун зафар қўшиғи, қувонч кўз ёшлари, Ватан учун ифтихор тараннумига айланади. Ўқув йили бошланиши ва якунида мадҳиямиз авж пардаларда янграйдики, токи ўз юртига бўлган муҳаббат авлодларни умр бўйи тарк этмасин!  

Ҳа, мадҳиямиз ўзини чин маънода шу диёрнинг ҳақиқий фарзанди, деб билган ҳар бир ҳамюртимизнинг  юрагидан жой олгани муқаррар.  

 

      Назокат Усмонова, ЎзА