Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалида халқаро конференцияларда орттирилган тажрибалар асосида ва етук хорижий мутахассислар иштирокида навбатдаги юқори технологик кардиохирургик операциялар ўтказилди.
Бу жарроҳлик амалиётлари чет элдан келган етакчи кардиожарроҳлар Обейд Мустафа ибн Абдулраҳмон ҳамда Аурелио Батренак иштирокида амалга оширилди. Жараёнда маҳаллий мутахассис кардиожарроҳларга яқиндан ёрдам берди.
Муҳими, икки кун давомида 6 нафар бухоролик беморда юрак соҳасида аорта-коронар шунтлаш операциялари ташкиллаштирилди. Юқори тайёргарлик кўрилган бу мураккаб операциялар муваффақиятли амалга оширилди. Эндиликда беморлар соғлом ҳаётга қайтаётганлигидан уларнинг яқинлари ҳам жуда хурсанд. Таъкидлаш жоизки, мураккаб амалиёт жараёни сунъий қон айланиш аппарати воситасида бажарилди.
[gallery-14311]
Аҳамиятли жиҳати, яқин-яқингача бундай операциялар республика маркази ва аксарият ҳолларда тиббиёти ривожланган хорижий давлатларда етук мутахассислар томонидан амалга ошириб келинган. Албатта, юқори технологик операциялар моддий жиҳатдан катта миқдордаги сармояни тақозо этган. Эндиликда эса бунга ҳожат йўқ, яъни юрак–қон томир касалликларини тезкор ва самарали даволаш услуби аллақачон ҳудудга етиб келди. Бошқача айтганда, бу ҳам юртимизда инсон қадри улуғланаётганининг яққол ифодаси десак, бўлади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари