Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Самарқанд рассомлар мактабининг янги авлод вакиллари – Нуриддин Исаев ҳамда Аҳмад Исоев ижодига бағишланган “Юрак уриши” номли бадиий кўргазма ташкил этилди.
Кўргазманинг очилишига санъат ихлосмандлари, хорижлик меҳмонлар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган чет эл дипломатик корпус вакиллари таклиф этилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуриддинов мамлакатимиз тасвирий санъатида Самарқанд нафис санъат мактаби ўзига хос анъаналари, тараққиёт босқичларига эга эканини эътироф этди.

- Бугунги кунда Самарқанд рассомлик мактаби тобора ривожланиб бормоқда, - деди Бадиий академия раиси Акмал Нуриддинов. – Бу эса мусаввирларимизнинг ўз устида тинимсиз ишлаётгани, изланаётганини англатади.
Тожикистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода бу каби бадиий кўргазмаларда иштирок этаётганидан мамнун эканини билдириб, кейинги йилларда икки давлат мўйқалам соҳиблари ўртасидаги ижодий ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётгани, бу каби маданий тадбирлар, кўргазмалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан санъат ривожига қаратилаётган эътиборнинг амалий ифодаси эканини таъкидлади.

Экспозицияда ҳар икки ижодкорнинг 30 га яқин янги асарлари ўрин олган. Кўргазма замонавий рассомларнинг ранг, шакл ва ҳислар уйғунлиги орқали инсон қалбини ифодалашга бўлган изланишларини мужассам этади.
Нуриддин Исаев ижодида шарқона ритм, ранг ва ёруғликнинг нафис уйғунлиги орқали хотира, вақт ва инсон руҳиятининг нозик қатламлари бадиий талқин этилади. Бу асарларда рангларга нисбатан сезгирлик, фалсафий мушоҳада ва ички дунёни ифодалашдаги чуқурлик яққол кўзга ташланади. Айни пайтда ўтмиш ва ҳозирги замон ўртасидаги мулоқот, рамзий макон, шарқона тимсоллар бойлиги ва ҳиссиётли оҳанг мужассам.
Санъатшуносларнинг фикрича, Аҳмад Исоев абстракция, шакл эркинлиги ва рангнинг ҳиссий энергияси орқали инсон туйғулари, руҳий ҳолат ва табиат уйғунлигини ўзига хос тарзда ифодалайди. Унинг асарларида метафизик оҳанг, ёруғлик ва соянинг динамик ифодаси, шунингдек рангларнинг психологик кучи сезилади. Бу жиҳатлар рассомнинг замонавий тасвирий санъатда инсон ички оламини бадиий таҳлил қилишга интилаётган ижодий йўналишини белгилайди.
Тадбирда Ўзбекистон тасвирий санъатини ривожлантириш ҳамда кенг тарғиб этишга қўшган салмоқли ҳиссаси учун Нуриддин Исаев Бадиий академиянинг олтин медали, Аҳмад Исоев эса Бадиий ижодкорлар уюшмасининг олтин медали билан тақдирланди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири