English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Юрак уриши”: Самарқандлик рассомларнинг ижодий мулоқоти
21:15 / 2025-12-03

ФОТОРЕПОРТАЖ

Ўзбекистон тасвирий санъат гелереясида Самарқанд рассомлик мактабининг янги авлод вакиллари – Нуриддин Исаев ва Аҳмад Исоев ижодига бағишланган “Юрак уриши” номли кўргазма доирасида давра суҳбати ташкил этилди.

Ижодий учрашувда таниқли рассомлар, ёш ижодкорлар ҳамда тасвирий санъат ихлосмандлари иштирок этди.

Нуриддин Исаев 1984 йил Самарқандда туғилган. Болалигидан уни миллий санъат, халқ анъаналари ва ўрта аср меъморий обидаларидаги ранглар, нақш ва шакллар қизиқтирган. Ушбу қизиқиш унинг ижодий йўли учун асос бўлиб, дунёқарашига чуқур таъсир кўрсатди.

[gallery-26540]

Рассомнинг асарлари  шакл ва рангга бўлган нозик ҳисси, фалсафий мушоҳадага йўғрилгани билан ажралиб туради. Унинг ижодида ҳаёт билан тўла асарлар – Шарқнинг ритми, ёруғлик ва рангнинг ўтказишлари, чуқур рамзийлик мужассам. Ранг ва шаклларни нозик қабул қилиш орқали рассом нафақат ташқи гўзалликни, балки ички ички дунёни ҳам ифода этишга муваффақ бўлади. Рассом вақт, хотира мавзусига мурожаат қилади. Ўтмиш ва ҳозирги  вақт ўртасида боғлиқлик ўрнатилган асарларида рассомнинг ранг ҳисси ва руҳий кечинмалари намоён бўлган.

Аҳмад Исоев эса 1988 йилда Ургут шаҳрида таваллуд топган. Тасвирий санъатга қизиқиш унда мактаб давридан бошланган. Кейинчалик Павел Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида таҳсил олди. Унинг асарларида асосан инсонга, унинг ички ҳолати ва ҳис-туйғуларига эътибор қаратилган. Рассом абстракция, шаклларнинг емирилиши ва ранг орқали эмоционал ҳис-туйғуларга эътибор қаратади. Ижодкор асарлари динамика, ёруғлик ва соянинг ифодаси ҳамда ҳиссий колорит билан ажралиб туради.

– Нуриддин Исаев ва Аҳмад Исоев ижодида Самарқанднинг нафасини ҳис қиласиз, - дейди Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси санъатшуноси Саодат Рўзиева. – Тасвирий санъат шундай маконки, унда ҳар бир вилоятнинг ўзига хос рассомлари, ўзига хос ранглари мавжуд. Буни самарқандлик рассомлар кўргазмасида ҳам кўришингиз мумкин. Бугунги ижодий учрашувда ҳар икки рассом ҳақида ижобий фикрлар билдирилди. Бундай мулоқотлар ёш рассомларнинг ижодий ўсишига кўмаклашиши билан муҳим аҳамият касб этади.   

Камола Юсупова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА