Таниқли ижодкор Дилором Исмоилова – дилбар, дилкаш, сатрлари самимиятга лиммо-лим шоира. Унинг ижодида она-Ватан, истиқлол, миллий ўзлик, юртга садоқат туйғулари, юракнинг гоҳ маҳзун, гоҳи шодликка тўла кечинмалари, қалбнинг ўзига хос манзаралари устувор ўрин эгаллайди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида уюшма аъзоси, таниқли шоира Дилором Исмоилованинг “Яхшиям, сен борсан” ва “Ватанни жонимдек асрагин” номли китоблари тақдимоти ҳамда шоира таваллудининг 60 йиллигига бағишланган адабий тадбир бўлиб ўтди.
Адабий тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо мамлакатимизда миллий адабиёт, китобхонлик, маънавият ва маърифат ривожи йўлида кўплаб хайрли лойиҳалар амалга оширилаётганини эътироф этди.
[gallery-24590]
Дарҳақиқат, шоир ва ёзувчиларни янгидан-янги асарлар ёзишга даъват этиш, уларнинг асарларини чоп этишга яқиндан кўмаклашиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.
– Дилором Исмоилованинг китобини ўқиётган пайтим бир манзара кўз ўнгимда гавдаланди, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, устоз шоира ва журналист Шарифа Салимова. – Одатда биз расм чизмоқчи бўлсак ёки ижодкор ҳақида фикр айтмоқчи бўлсак, бу унинг уфққа қараб бораётган образи бўлади. Лекин Дилором Исмоилованинг китобини ўқиганда мен бошқа аёл образини кўрдим. Бу юракнинг уфқига кетаётган аёлнинг сиймоси эди.
Дарҳақиқат, шоира Дилором Исмоилова юрак уфқлари, унинг кенгликлари, манзараларини ўзига хос тарзда ифодалайдиган ижодкор. Унинг шеърларини мутолаа этган инсон гўёки ўз юраги, ўзлиги билан суҳбатлашгандек бўлади, ўз-ўзини тинглашга астойдил интилади.
Ижодкор Д.Исмоилова “Юрагимда гуллар шивири”, “Райҳон исли кунлар”, “Соғиниб кетдим”, “Меҳрибоним, қайдасиз”, “Ватанни жонимдек асрагин” каби шеърий тўпламлар, “Меҳр” номли автобиографик қисса муаллифи. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Шуҳрат” медали соҳибаси.
Тадбирда шоира Дилором Исмоилова ижоди, унинг янги китоблари хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА мухбирлари