Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юрак қўшиғи
15:06 / 2020-12-09

Дунёда миллионлаб қўшиқ ва куйлар бор. Улар орасида қалбимиз қўридан жой олган тароналар ҳам талайгина.

Аммо бир қўшиқ борки, у миллат ва халқ, замон ва макон танламайди. У янграганда ҳар бир фуқаро қўлини кўксига қўйиб, унга ҳурмат бажо айлайди. Бу – Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳиясидир!

1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Тарихий аҳамиятга эга ушбу ҳужжат билан бош қўшиғимизнинг матни ва мусиқаси тасдиқланди. Шу йилдан эътиборан, мадҳиямиз юртимизда яшаб келаётган турли миллат ва элатларнинг фахру ғурурига айланди. Мана, йигирма саккиз йилдирки, у жаҳон ҳамжамиятининг нуфузли минбарларида давлатимиз рамзи сифатида баралла янграб келмоқда.

Гўдак она алласи билан вояга етади. Ота-онага меҳр, катта-ю, кичикка ҳурмат, юртга садоқат сингари инсоний фазилатлар алланинг илоҳий қудрати билан вужудимизга сингади. Давлат мадҳиямиз ҳам шундай қўшиқки, у ёшу қарини эзгу бир мақсад, яъни миллий мустақиллигимиз, эркин ва обод ҳаётимиздан ғурурланиш ҳамда фахрланишга чорлайди. 

Атоқли адиб, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов унинг ҳар бир сатрига халқимизнинг она Ватанимизга бўлган бор меҳру муҳаббатини, қалбдан отилиб чиққан оташин туғёнларини жо айлаган. Буюк бастакоримиз Мутаваккил Бурхонов қаламига мансуб мусиқа ўзининг жарангдор оҳанги, туйғуларни жўш урдирувчи, юракларни ларзага солувчи навоси билан ажралиб туради. Бу ҳақда муаллиф ҳали ҳаётлик чоғидаёқ: “мен мадҳиямизда ўзбек интонациясини сингдиришга, Ватанимизга лойиқ қўшиқ яратишга ҳаракат қилдим”, деган эди.  

Шу боис, бош қўшиғимиз жаранг сочганда унга барчамиз беихтиёр жўр бўламиз. Мадҳиямизни ҳар тонг, ҳар ҳар кун такрор ва такрор эшитсакда, ундан руҳий, маънавий қувват оламиз.

Униб-ўсиб келаётган авлодни баркамол вояга етказишда ҳам давлатимиз мадҳиясининг тарбиявий аҳамияти катта. Айниқса, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари одимлаётган халқимизни буюк мақсад сари бирлаштиришда у беқиёс аҳамият касб этиши, шубҳасиз.

Тўғри, ҳар бир давлатнинг, халқнинг ўз мадҳияси бор. Лекин биз учун, шу муқаддас Ватанда яшаётган ҳар бир инсон учун давлатимиз мадҳиясидан азиз ва мўътабар қўшиқ йўқ!

 

Жамшид ХОЛОВ, катта лейтенант