Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юрагимизда ўрнашган муқаддас қўшиқ
16:35 / 2025-12-10

Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари халқимизнинг миллий ғурури, тарихий хотираси ва келажакка бўлган қатъий ишончини ифода этади. Улар орасида Давлат мадҳияси алоҳида ўрин тутади — у халқимиз юрагидан мангу жой олган муқаддас қўшиқдир. У ҳар бир юртдошимиз қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини уйғотади, халқимизга хос олий фазилатларни эъзозлашга чорлайди.

1992 йилнинг 10 декабр куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги  Қонун қабул қилинди. Бугун ана шу тарихий санага 33 йил тўлди. Бу сана ҳар бир фуқаронинг қалбида ҳам муҳим қадрият сифатида муҳрланиб қолган. Чунки мадҳия — бу халқнинг орзу-умидлари, ягона мақсад ва қарор топган бирлиги ифодасидир.

Мадҳия янграётганда ҳар бир фуқаронинг қалбида Она Ватанга бўлган алоҳида меҳр ва ифтихор туйғуси пайдо бўлади. Бу туйғулар ҳар бир инсонни мамлакатимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилишга, янада фаол бўлишга ундайди.

Айниқса, спорт майдонлари ва Олимпия ареналарида ғолиб спортчиларимиз байроғимизни кўкларга кўтариш билан бирга мадҳиямиз садоларини жаҳонга таратаётгани — юртимиз обрўси, халқимиз шаъни қандай юқори эканини намоён этади. Бу фахрли лаҳзаларни кўз кўриб, юрак ҳис қилганда, ҳар биримиз Ватаннинг ажралмас қисми эканимиздан фахрланамиз.

Мадҳиямиз — халқимизнинг руҳини, табиатини, кудратини акс эттирган бебаҳо мусиқий асар. Унинг оҳангида халқимизга хос меҳнатсеварлик, жасорат ва матонат, қувонч ва эзгулик ҳаёти мужассам. Шу боис ундан ёшлар ҳам, нуроний кексалар ҳам бирдек руҳланадилар. Давлат мадҳияси ёш авлод тарбиясида катта аҳамият касб этади — уларни Ватанга муҳаббатли, маънан юксак ва жисмонан соғлом бўлиб улғайишга ундайди.

Ҳар куни эрталаб таълим муассасаларида, байрамларда ёки катта тадбирларда мадҳия янграши — бу Ватан шарафини доимо юракда сақлаш, истиқлол ғояларига садоқат билан яшашга чорловдир.  

Мадҳия — тинчлик, осойишталик, фаровонлик йўлида биргаликда ҳаракат қилиш ва келажакни бирга барпо этишга ундайдиган қудратли руҳ манбаи.

Умумлаштириб айтганда, мадҳиямиз нафақат қудратли мусиқий асар, балки улкан мақсадларга етакловчи мафкуравий куч, халқимиз бирлиги ва баҳамжиҳатлигининг тимсолидир. Ҳар бир сатрида муқаддас Ватанга чексиз муҳаббат, ифтихор ва юрт равнақига қаратилган эзгу ғоялар мужассам.

Фурсатдан фойданалиб, шу улуғ сана муносабати билан ҳар бир юртдошимизни чин қалбимдан табриклайман, шунингдек  давлат мадҳиясига хурмат ва эътибор билан ёндашишга, унинг маъно-моҳиятини чуқур англашга  чақириб қоламан. Мадҳиямизнинг ҳар бир оҳанги қалбимизда ҳамиша янграсин!

Жанар Алиева,

халқ депутатлари Чимбой туман Кенгаши депутати,

тумандаги 17-сонли умумтаълим мактаби директори

ЎзА