Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юрагида туғма нуқсони бўлган болалар Самарқандда даволанади
10:01 / 2023-04-13

Сирдарёлик 56 нафар, Самарқандлик 145 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, давлат бюджети маблағи ҳисобидан даволаниш имтиёзига эга бўлмаган фуқаролар фарзандлари Президентимиз ёрдами, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди томонидан ажратилган 5 миллиард 338 миллион сўм маблағ ҳисобига Самарқандда туғма юрак нуқсонидан халос бўлади.

Ушбу амалиётни Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг кардиохирургия бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Нисо Турдиева, у бошчилигидаги самарқандлик кардиологлар амалга оширади. Шу мақсадда, бугун Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, бошқарма тизимидаги вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази тиббиёт ходимлари ёрдами билан Сирдарёда истиқомат қилаётган, туғма юрак нуқсони бор болалар ва уларнинг ота-оналари Самарқандга ташриф буюрди.  

Дастлаб улар, Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг кардиохирургия бўлимида, бўлим мудири Нисо Турдиева, у бошчилигидаги кардиологлар кўригидан ўтказилди. Болаларнинг умумий ҳолати ўрганилди. Юрак туғма нуқсонининг хавфли ва хавфсиз жиҳатлари ўрганиб чиқилиб, жарроҳликка муҳтож болалар рўйхати шакллантирилди. Юқори технологик жарроҳлик амалиётини ўтказиш вақи ва санаси белгилаб олинган бўлса, организмдаги физиологик ўзгаришлар туфайли юрак бўлмасидаги тешик ҳажми кичрайган бемор болалар ва уларнинг ота-оналари учун муҳим тавсия ва кўрсатмалар берилди.  

– Бироқ, ҳаммаси ҳам эмас, – дейди Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Дилшод Раҳмонов. – Шу боисдан, туғма юрак нуқсони ўз-ўзидан яхши бўлиб кетади дея кутиш юракдаги туғма нуқсон асоратларини чуқурлашишига, опeрация қилиб бўлмайдиган ҳолга олиб кeлиши мумкин.  

– Суғдиёна икки ёшда, – дейди унинг бувиси янгиерлик Шойиста Турдимуродова. – Туғма юрак нуқсони билан туғилганди. Имкониятимиз йўқлиги боис, уни ўзимизча даволаб келаётган эдик. Бундан бир неча кун муқаддам сирдарёлик тиббиёт ходимлари тавсияси асосида Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг кардиохирургия бўлимига олиб келгандик. Олдинига текширишди, сўнг набирамни юрак соҳасида мураккаб ва юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказишди. Рости, жуда қўрққандик. Аммо, бугун барчаси ўтиб кетди. Кўриб турганингздек, набирам яхши. Шифокорлар назорати остида даволаняпти. Бунинг учун, аввало Президентимизга раҳмат. Биздек, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлагани, фарзандларимиз соғлиғи учун қайғургани учун.  

Ховос туманининг Ховособод маҳалласида туғилган Бахтигул Янгиева эса эндигина 12 ёшга кирди. Унда даун синдроми, юрак туғма нуқсони бор. Оиладаги муаммо, етарлича маблағ бўлмаганлиги боис унинг юрак туғма нуқсони билан боғлиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилмай келинаётганди.  

– Президентимиз ёрдам фондидан ажратилган маблағ сабаб қизим Бахтигулни юрак туғма нуқсонидан насиб қилса халос бўлиб, уйимизга хурсанд қайтамиз,  – дейди Бахтигулнинг онаси Севара Эгамова.  

Энг муҳими Бахтигулга ўхшаб юрагида туғма нуқсони бўлган сирдарёлик эҳтиёжманд оилаларнинг бемор фарзандлари узоқ йиллик дарддан яқин кунларда халос бўлиб, яна соғлом ҳаётга қайтади.  

Шуҳрат Суяров,  

ЎзА мухбири